Тошкент вилояти Тошкент тумани Бештерак маҳалласидаги 6 гектар ҳудудда коттежлар қурилиши керак эди. Янги ҳовлига эга бўлиш умидида юзлаб фуқаролар шартнома қилиб, тўловларни амалга оширган.
Аммо қурувчи фирма эгаларининг жиноий қилмишлари сабаб барча ишлар орқага кетган ва «Олтин макон»да қурилиш ишлари чала қолган.
Ҳар доимгидек оддий одамлар орзу-умидлари ўрнини тўхтаб қолган қурилиш, имзо чекилган шартнома ва жавобсиз саволлар эгаллаб олган.
Гап шундаки, Тошкент туманининг Бештерак маҳалласида «Олтин макон» замонавий коттеж шаҳарчаси сифатида реклама қилинди. Харидорларга 171 та икки қаватли, 178 квадрат метрлик ҳовли уйлари таклиф этилди.
Энг жозибали томони – 24 ойгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти ҳам борлиги эди. Шарт оддий: харидор камида 50 фоиз тўловни амалга оширади, қолгани муддатли тўловда. Ҳар бир фуқаро билан икки томонлама шартнома тузилди ва ҳамма нарса қонуний кўринарди.
Бироқ орадан вақт ўтиб, барчаси рекламадагидек ажойиб тарзда якунланмади. Қурилиш ишлари тўхтаб қолди, кўплаб коттежлар ўз вақтида эгаларига топширилмади.
Жабрланувчилардан бири Бахтиёр Раҳимхўжаевнинг айтишича, шартномалар 2023 йил 1 июндан бошлаб тузилиб, қурилиш ишлари бошланган ва коттежлар 2025 йил март ойида фойдаланишга топширилиши ваъда қилинган. Бироқ 2025 йил бошида қурилиш ишлари ҳеч қандай тушунтиришсиз тўхтатилган.
«Биз масъулларга чиқишга, қўнғироқ қилиб вазиятни аниқлашга ҳаракат қилдик, аммо ҳеч қандай жавоб олмадик. Шундан кейин фуқаролар ўзимиз бирлашиб, қурилишни давом эттиришга қарор қилдик ва ишларни ҳам бошладик. Лекин бу сафар ҳам янги таъсисчи томонидан қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида буйруқ берилди. Ҳозир биз кутаётган нарса адолатли ечим. Судда 31 нафар фуқарога уйларни натура шаклида бериш ёки фуқаролик судига мурожаат этиш тавсия қилинди. Шу билан бирга, бу ердаги ер майдонини аукционга чиқариш масаласи ҳам кўрилмоқда. Бизнинг асосий талабимиз – аукционни тўхтатиш. Чунки ер сотилиб кетса, қолган ҳудудлар ҳам аукционга чиқарилиши мумкин. Натижада одамлар нафақат тўлаган пулларидан, балки ўз маблағи ҳисобидан қуриб битказган уйларидан ҳам айрилиб қолиши мумкин», - дейди жабрланувчи.
Кутишдан чарчаган баъзи харидорлар охир-оқибат уйларини ўз маблағи ва ўз кучи билан қуриб битиришга мажбур бўлган, аслида улар аллақачон қурувчига тўлаган пул эвазига бажарилиши керак бўлган ишларни яна бир бор ўз чўнтагидан молиялаштирган. Бугунги кунда қўлида шартнома, тўлов квитанциялари бўлган юзлаб оилалар ҳамон ўз уйига тўлиқ эгалик қила олмаяпти, на кўчиб кириш ҳуқуқи, на мулк ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилган.















