Тошкент тумани ҳокими ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, туман ҳокими ўринбосари тадбиркорга қурилиш технологиялари ва композит эшиклар ишлаб чиқариш саноат мажмуаси ташкил этиши учун ҳокимлик балансида бўлган 1 гектар ер майдонини аукцион савдоларга чиқариб, олиб бериш эвазига 25 минг доллари талаб қилган. У бу ишни давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали амалга оширишини айтган.

ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “г” банди ҳамда 28,211-моддаси (пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.