МРБ қандай идора ўзи?

Аввало Марказий разведка бошқармаси қандай ташкилот экани ҳақида. Киноларда «ЦРУ» деб эшитишга одатланганингиз бу идора, шубҳасиз, дунёдаги энг қудратли ташкилотлардан бири. Унинг вазифаси ташқи разведка билан шуғулланиш. Лекин МРБ фақат разведка билан шуғулланмаслиги, Америка манфаатлари тўқнашган мамлакатларда махфий операциялар ўтказишини ўша киноларда ҳам кўп марта кўргансиз.

МРБ йиллик бюджети 30 млрд долларга етадиган, 20 мингдан ортиқ ходими бор қудратли ташкилот. Лекин бошқа давлат разведкаларидан фарқли ўлароқ ҳарбий эмас, фуқаролик ташкилоти. Бугунги қаҳрамонимиз Жон Ратклифф Трампнинг биринчи президентлик даврида Миллий разведка директори эди. Иккинчи муддатида МРБ директори вазифасида ишлаб келмоқда.

Ҳуқуқшуносдан чиққан сиёсатчи

1965 йил ўқитувчи оиласида туғилган Жон мактабни тугатиб, Нотр-Дам университетида ҳуқуқшунослик йўналишида ўқийди. Кейинроқ ҳуқуқшунослик йўналишида доктор даражасини олади. Табиийки, бир неча йил давомида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди.

2004 йил қаҳрамонимизнинг сиёсий ҳаёти бошланади. У Техас штатидаги Ҳит шаҳарчаси мэрлиги учун сайловда ғолиб бўлади. Кейинги сайловларни ҳам ютиб, шаҳарчани 2012 йилгача бошқаради. Мэрлик фаолиятини бошлаган 2004 йилдан Техас Шарқий Округи прокуратурасида кичик Жорж Буш маъмуриятининг терроризмга қарши кураш ва миллий хавфсизлик бўйича вакилига айланади.

2008 йил Ратклифф АҚШ ҳукуматининг терроризмга қарши кураш бўйича маслаҳатчисига айланади. 2009-2014 йилларда у хусусий компания таъсисчиси сифатида асосан президентлик ва губернаторлик сайловларида қатнашаётган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Вакиллар палатаси ва Миллий разведка хизмати

2014 йил республикачи Ратклифф Техасдан Вакиллар палатасига сайланади. Унинг сайлов компанияси учун 400 минг доллар йиғилади. Донорлардан бири АҚШ собиқ бош прокурори Жон Эшкрофт эди. 2018 йил Ратклифф АҚШ бош прокурори бўлиши ҳақида ёзишади, лекин Трамп унга янада катта лавозим тайёрлаб қўйганди. Президент Трамп Миллий разведка идорасининг у билан келишмай қолган диретори Дэн Коутни истеъфога чиқариб, ўрнига Жон Ратклифф номзодини кўрсатади.

Сенаторлар Ратклифф ҳақида етарли маълумотга эга эмасди, шу сабаб Сенат унинг номзодини қўлламайди. 2020 йил февралда Трамп иккинчи марта Ратклифф номзодини Миллий разведка идораси директорлиги учун илгари суради. Бу сафар Сенат тасдиқлайди ва 44 ёшли Ратклифф АҚШдаги энг муҳим ташкилотлардан бирига раҳбар бўлади. Бироқ унинг раҳбарлиги узоққа чўзилмайди. Трамп сайловда ютқазгач, Ратклифф ҳам ишдан кетади.