Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Текширув давомида Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари айрим фуқароларни ишчи сифатида расмийлаштиргани, бироқ улар амалда бошқармада ишламагани аниқланган.

Шунга қарамай, мазкур фуқаролар номига жами 1 млрд сўм миқдорида иш ҳақи ҳисобланган. Терговга қадар текширув маълумотларига кўра, ушбу маблағлар масъул шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун сарфланиб, бюджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.