Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябр куни «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонунга кўра, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган товушларга чеклов белгиланади. Бундай шовқинларга турар жойларда маиший фаолият, қурилиш майдонларидаги ишлар, қурилиш техникаси ва транспорт воситалари, шунингдек турли транспортларнинг ҳаракати натижасида юзага келадиган шовқинлар киради.

Белгиланган тартибга кўра, иш кунлари соат 23:00 дан 07:00 гача, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари эса 22:00 дан 09:00 гача шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ортиқ товуш чиқариб, фуқаролар осойишталигини бузишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражаси одамни сезиларли даражада безовта қилмайдиган ва инсон организмининг функсионал тизимлари ҳамда шовқинга сезгир аъзоларида жиддий ўзгаришларга олиб келмайдиган даража сифатида белгиланган. Унинг аниқ мезонлари санитария қоидалари ва нормалари асосида белгиланади.

Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси белгиланди.

Шовқиннинг зарарли таъсири оқибатида етказилган зарар учун суд тартибида компенсация ундирилиши мумкин. Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигида тунги вақтда маиший шовқин чиқарганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Тунги вақтда фуқаролар тинчини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклардан фойдаланиш мумкин эмас.

Шунингдек, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш ҳамда маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Юқорида келтириб ўтирган ҳолатларни содир этганлик учун фуқароларга БҲМнинг учдан бир қисми (146 минг сўм), мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача (146-220 минг сўм) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Бундай ҳуқуқбузарлик бир йил ичида яна содир этилса, фуқароларга БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима қўлланади.