1-қаватдаги квартирани нотурар жой тоифасига ўтказмасдан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади. Давлат чегараси остидан туннел қазганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади. Саида Мирзиёевага янги вазифалар юклатилди. Сенат алифбода тўртта ҳарфни ўзгартиришни маъқуллади. Чорвоқда чўкиб кетган ота-болаларнинг жасади топилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

1-қаватдаги квартирани нотурар жой тоифасига ўтказмасдан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.

Унда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, савдо ва сервис фаолиятига мослаштиришга рухсат бериш таклиф этилди. Бунда хабардор қилишнинг ўзи етарли бўлади. Мутасаддиларга бир ой муддатда бундай хонадонда ташкил этилиши мумкин бўлган хизмат турлари рўйхати ва хавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш топширилди.

Кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш жойларни аниқлаб, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳудудларни тартибга келтириш, умумий фойдаланишдаги болалар майдончалари, спорт ва фитнесс ҳудудлари, яшил майдонлар ташкил этиш ҳамда кўчаларни ёритиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат чегараси остидан туннел қазганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади

Сенат ялпи мажлисида Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун маъқулланди.

Маълум қилинишича, трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, хусусан, давлат чегараси орқали ерости туннелларини қуриш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтирган.

Қонун билан Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний туннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Саида Мирзиёевага янги вазифалар юклатилди

Президент фармони билан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳозирги лавозими билан ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси лавозимига тайинланди.

Бошқарувчи молия маркази кенгашининг бош котиби ҳисобланади, кун тартибини шакллантиришни ташкил этади, раис қатнашмаган мажлисларда уларга раислик қилади.

Молия маркази фаолиятини йўлга қўйишни мувофиқлаштириш бошқарувчи фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади. Биринчи навбатдаги ҳужжатларни тайёрлаш, давлат органлари ва марказ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш шулар жумласидан. Бошқарувчи, шунингдек, битимлар тузиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва экспертларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.

Сенат алифбода тўртта ҳарфни ўзгартиришни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонунни маъқуллади.

Қонун билан, алифбога қуйидагича ўзгартишлар киритилмоқда:

O‘ o‘ → Ö ö

G‘ g‘ → Ğ ğ

Sh sh → Ş ş

Ch ch → Ç ç

Шунингдек, Ng мустақил ҳарф сифатида алифбодан чиқарилади. Тутуқ белгиси сақлаб қолинади.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, қонун кучга киргунига қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар тўсиқсиз муомалада қолади.

Чорвоқда чўкиб кетганларнинг жасади топилди

Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган ота-болаларни қидириш бўйича қидирув амалиёти якунланди.

9 сентябр куни ФВВ ғаввослари кичик ўғилнинг жасадини топишганди. 10 сентябр куни аввалига катта ўғил, бироз ўтиб отанинг ҳам жасади сувдан олиб чиқилган.

Бахтсиз ҳодиса 2 сентябр куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида содир бўлган эди. ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, катерда сайр қилиш пайтида оила аъзоларидан бири – кичик ўғил қутқарув нимчасидан фойдаланмаган ҳолда чўмилиш учун сувга тушган. Унинг оёқ томири тортишиб қолган ва чўка бошлаган. Унга ёрдам бериш мақсадида акаси ва отаси ҳам бирин-кетин сувга тушган. Оқибатда учаласи ҳам чўкиб кетган.

ФВВ фуқароларни сув объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирди.