Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 сентябрдаги 476-сон қарори билан Навоий вилояти «яшил» техникуми ташкил этилмоқда. Қарор 9 сентябр куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Янги таълим муассасаси президентнинг «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид қарорини амалга ошириш, шунингдек, «яшил» иқтисодиёт учун малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Техникумнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва педагогларни моддий қўллаб-қувватлашда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети — Green Universityʼнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан фойдаланишга рухсат берилган.

Техникумда нималарга ўқитилади?

Техникумнинг асосий вазифаларидан бири меҳнат бозори ҳамда «яшил» иқтисодиёт эҳтиёжларидан келиб чиқиб малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш бўлади.

Ўқувчиларда энергия самарадорлиги, ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ва экологик маданият кўникмалари шакллантирилади. Ўқув дастурларига «яшил» кўникмаларга оид мавзулар киритилади.

Шунингдек, «яшил» технологияларни жорий қилган корхона ва ташкилотлар билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Таълим жараёнига соҳа, корхона ва ташкилотларнинг амалиётчи мутахассислари, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда хорижий мутахассислар жалб қилинади.

Нуфузли хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлаш ҳам назарда тутилган.

Ўқиш грант ва контракт асосида бўлади

Қарорга кўра, техникум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тизимидаги давлат муассасаси шаклидаги касбий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Техникумга умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади.

Бундан ташқари, меҳнат бозори эҳтиёжлари, фуқаролар мурожаатлари ва иш берувчилар таклифлари асосида қисқа муддатли курслар ҳам ташкил қилинади. Улар касбий ва қўшимча компетенцияларни ривожлантириш, малака бериш ҳамда хорижий тилларни ўқитишга йўналтирилади.