Касбий таълим агентлиги маълумотига кўра, янги имконият техникумларнинг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида таҳсил олаётган ўқувчиларга тааллуқли.

Дастур доирасида Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда ишлаш ва саёҳат қилиш назарда тутилган.

Сафар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ссуда — қайтариш шарти билан бериладиган қарз маблағи ажратиш тартиби йўлга қўйилади.

Шунингдек, «Касбий таълим жараёнларини бошқариш — EMIS RT» ахборот тизимида техникумнинг номи, манзили ва коди, ўқувчининг касб ва мутахассислик йўналиши, таълим босқичи ва шакли, мақоми ҳамда баҳолари ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.

Миграция агентлиги ҳар йили 1 мартга қадар дастур доирасида хорижий иш берувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш чораларини кўради.