Ҳукумат қарори билан касбий таълим ташкилотларининг ишлаб чиқариш таълими усталарига малака тоифаси бериш тартиби бекор қилиниб, касбий сертификат бериш тизими белгиланди.

Касбий таълим ташкилотларида фаолият юритаётган усталар ҳар 5 йилда камида бир марта мажбурий тартибда сертификатлашдан ўтказилади. Сертификат 5 йил муддатга берилади.

Синовлар 2 босқичда, жами 100 баллик тизимда ўтказилади:

• 1-босқич — назарий билимлар (максимал 30 балл);

• 2-босқич — амалий кўникмалар (максимал 70 балл).

Сертификат олиш учун номзод ҳар икки босқичнинг ҳар бирида камида 70 фоиз натижа кўрсатиши ва умумий ҳисобда 70 балл ёки ундан юқори балл тўплаши шарт.

Мажбурий синовдан ўта олмаган устага уни бир марта қайта топшириш имконияти берилади. Қайта синовдан ҳам ўта олмаган устанинг меҳнат шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ўқувчилари халқаро ёки республика миқёсидаги касбий танловларда 1–3-ўринларни эгаллаган усталарга синовларсиз тўғридан-тўғри касбий сертификат берилади.

Навбатдаги мажбурий сертификатлаш бепул амалга оширилади. Ихтиёрий, яъни навбатдан ташқари сертификатлаш учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки платформа орқали мурожаат қилинганда 10 фоиз чегирма тақдим этилади.