Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев 10 сентябр куни Сенат мажлисида маълум қилди.
«Янги дарсликларга дастлаб биринчи синф ўқувчилари ўтади, барча синфларда эса ушбу жараённи 2031 йилгача тўлиқ якунлаш режалаштирилган», деди у.
Вазир ўринбосари сўзларига кўра, ҳозирги вақтда 1-синф дарсликлари ҳар йили, 2-4-синфлар учун уч йилда бир марта, 5-11-синфлар учун эса беш йилда бир марта қайта нашр этилмоқда. Шу боис мактаб дарсликларини 2027–2031 йиллар давомида тўлиқ янгилаш режалаштирилган.
Турдиевнинг таъкидлашича, бундай ёндашув дарсликларни қайта нашр этиш учун қўшимча харажатларни талаб қилмайди, чунки уларни янгилаш белгиланган тартиб ва муддатда амалга оширилади.
Шу билан бирга, вазирлик ўқитувчи ва ўқувчиларни янги алифбога мослаштириш учун зарур чора-тадбирларни тайёрламоқда. Педагогларни янги ёзув тизимидан фойдаланишга тайёрлаш мақсадида улар учун ўқув семинарлари ва тушунтириш ишларини ўтказиш режалаштирилган.
Сенат мажлисида имтиҳонларни ўтказиш масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, қонун кучга киргач, имтиҳонлар янги қонунчиликда белгиланган алифбодан фойдаланган ҳолда ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Сенат 10 сентябр куни янги алифбони маъқуллади. Унда амалдаги 26 та ҳарф ва учта ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгиси (апостроф) назарда тутилган. Хусусан, Sh, Ch, O’ ва G‘ ўрнига Ş, Ç, Ö, Ğ ҳарфларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Қонун кучга кириши учун президент томонидан имзоланиши керак.











