Пойтахтда квартиралар ва ҳовли уйлар нархлари қайта ҳисобланиб, бозорга яқин нарх шакллантирилди. 2 ой давомида мулкдорлар ҳисобланган нарх бўйича ўз фикр ва эътирозларини билдиришлари мумкин. Kun.uz оммавий баҳолаш юзасидан аҳолида туғилаётган саволларга Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази раҳбарларидан жавоб олди.

Пойтахтда кўчмас мулкни оммавий баҳолаш ишлари амалга оширилди. Эндиликда баҳолашнинг дастлабки натижалари мулкдорлар учун очиқ. Фуқаролар ўз уй-жойининг қандай қийматда баҳоланганини кўриб, натижа бўйича ўз фикр ва эътирозларини (my.gov.uz орқали) билдиришлари мумкин. Бу жараён фақатгина кўп қаватли уйларда квартираси бўлган ўзбекистонликлар эмас, балки ҳовли уй-жойларга ҳам оид. Яъни Тошкентда кўчмас мулкка эга бўлган ҳар бир фуқаро ўз мулкининг оммавий баҳолаш натижасини кўриб чиқиши ва ундаги маълумотлар ёки белгиланган қиймат бўйича мурожаат қилишлари мумкин. Муҳокамалар 5 сентябрдан бошланди ва яна 2 ой давом этади. 

Хўш, нега кўчмас мулк қайта баҳоланди? Уйларнинг қиймати қандай аниқланмоқда? Баҳолашда хатоларга йўл қўйилган бўлса, мулкдор уни қандай ўзгартириши мумкин? Ва кўпчиликни қизиқтираётган энг муҳим масалалардан бири – қайта баҳолаш натижаларига кўра мол-мулк солиғи ошадими? Айни масалани муҳокама қилиш мақсадида Кun.uz Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори Муҳиддин Холмуродов ва директор ўринбосари Феруз Султонов билан интервю ташкил қилди. 

— Эълон қилинган энг асосий рақамлардан бири бу Тошкентда қарийб 600 мингта квартиранинг амалдаги кадастр қиймати 57,18 триллион сўм, oммавий баҳолашдан кейинги қиймати эса 426,17 триллион сўм бўлгани. Бу амалдаги қийматдан 7,4 баробар фарқ қилади, дейилди. Нима учун баҳолаш ўтказилгани ҳақида маълумот беришдан олдин бу тафовутни тушуниб олайлик. Қандай қилиб бундай фарқ юзага келди ва унинг асосий сабаби нимада?

— Тошкент шаҳрида бугунги кунда қарийб 605 мингта квартира, яъни  кўп квартирали хонадонлар оммавий баҳоланди ва айтганингиздек, уларнинг қиймати 7,4 баробарга ошди. Бу натижа нимадан келиб чиқди? 2018 йил дастлабки бозорга яқинлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Яъни 2018 йилдан бошлаб инвентар қийматдан кадастр қийматига ўтилди. Кадастр қиймати инвентар қийматга нисбатан тўрт-беш баробар фарқ қилди. Лекин у бугунги кундаги бозор динамикасини, урбанизация жараёнларининг жадаллашиши, қурилиш бозоридаги конюнктура ўзгаришлари ва иқтисодиёт ҳажми ўсишини акс эттирмаган. Ушбу амалдаги кадастр қийматини аниқлаш тартибига мувофиқ, фақатгина ушбу кўчмас мулк объектининг фақат қурилган йили, девор материали, қаватлилиги инобатга олинган, аммо жойлашув жойи ҳисобга олинмаган. Яъни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бир квадрат метр учун қатъий сумма белгиланган. Энг катта миқдордаги сумма бу 1 900 000, бир квадрат метр учун. Кўриб турибмизки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 1 900 000 сўмга бир квадрат метр уй сотиб ололмайсиз. Янги услубиётимиз бўйича бозорга яқин бўлган қийматни аниқладик. Яъни амалда олди-сотди шартномаларида ёки риелтор маълумотларига қараб таҳлил қилганда, ушбу баҳо келиб чиқди. Шу боис, сиз айтган 7,4 баробар фарқ юзага келди.

— Бу ерда энг асосий масала шуки, нима сабабдан оммавий баҳолаш ўтказилди?

— Амалдаги кадастр қиймати ва бозор нархи ўртасида кескин тафовут мавжуд. Бундан ташқари, ҳозирги кунда объектлар қиймати ҳар бир йўналишда ҳар хил талқин қилинмоқда. Мисол учун, гаровга қўйишда ипотекага ёки бўлмаса сносга, жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда компенсация тўловлари ҳамда бошқа мақсадлар учун ҳар хил сумма белгиланади. Яъни битта кўчмас мулкнинг қиймати ўзи қанча деганда, давлат томонидан ҳисоблаб чиқилган бир қиймат мавжуд эмас эди. Аҳолининг қўлида мавжуд иқтисодий активи — кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар етарлича бўлмаган. 2018 йилда инвентар қийматдан кадастр қийматига ўтилган бўлса, шу пайтдан бугунги кунгача 1 900 000 сўм бир квадрат метр учун квартиранинг қиймати ўзгаришсиз қолди. Кўчмас мулк бозори жадал ривожланиши бу жараёнда инобатга олинмади. Яъни тафовут мутаносиблигини таъминлаш учун ҳам бу оммавий баҳолаш ишларига зарурат туғилди. 

Асосий мақсадимиз – фуқаронинг, мулкдорнинг асосий иқтисодий активи, рeспубликамизда мавжуд 9 миллион кўчмас мулк объекти, 8 миллион ер участкалари қийматини билишимиз керак. Авваламбор, бу бизга нима беради? Биринчи навбатда, бу давлат томонидан инфратузилмага қилинаётган сарф-харажатлар акс эттирилиши кўчмас мулк ва ушбу ҳудудда баҳосидан келиб чиқиб аниқланади. Мисол учун, Сергели туманида 2017 йил метро станцияси қурилган. Ушбу қурилишни амалга оширишдан аввал у ерда ер қиймати ҳозиргига нисбатан уч баробар паст бўлган. Битта шу инфратузилма яратилганидан сўнг қиймати ошди ва шу қиймати ошгани натижасида давлат қаерга инфратузилмага кўпроқ миқдорда инвестиция киритиш кераклигини тушунди. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар, девелоперлар учун кўчмас мулк объектлари, ер участкалари ҳақида аниқ ишончли база яратилади. Шу боис, нафақат гаровда ёки давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсацияда, балки суғурта компенсациясини ҳисоблашда ҳам оммавий баҳолаш муҳим. 

—Аслида жамоатчиликда туғилаётган савол мол-мулк солиғи билан боғлиқ. Расмийлар оммавий баҳолаш ўтказила бошланганидан буён қайта-қайта ваъда беришяпти: оммавий баҳолаш натижалари солиқ юкини оширмайди. Яъни ҳукуматга солиқ ставкаларини пасайтириш бўйича топшириқ берилганини айтишмоқда. Бугун йилига шартли 200 минг сўм солиқ тўлаётган ўзбекистонлик оммавий баҳолашдан кейин қанча мол-мулк солиғи тўлайди?

— Жорий йил 5 сентябрда оммавий баҳолаш натижаларини  эълон қилганимиздан сўнг ҳар бир фуқаро ўз муносабатини билдиришини сўрадик. Шундан кейин кўп юртдошларимиздан шу каби саволлар келиб тушди. Айтишим мумкин, 8 сентябр кунининг ўзидаёқ 287 та қўнғироқ қабул қилдик. 80 фоизининг саволи шундан иборат. “Нарх билан розиман, лекин мен бундан солиқ тўламайман” деган важлар келтирилмоқда. Шу бўйича мен қуйидагича жавоб қиламан. Авваламбор, бу оммавий баҳолаш натижаларини эълон қилишдан мақсад – биринчи навбатда фуқароларимизнинг, кўчмас мулк, мулкдор эгаларининг фикрини билишдан иборат. Бу бугунги кунда ҳеч қандай юридик, ҳуқуқий оқибат олиб келмайди. Солиқ тўлаш ёки олди-сотдида ҳеч қанақа масъулият фуқарога юкламайди. Иккинчидан, буни амалиётга жорий этиш учун барча мулкдорларнинг розилигини олиб, улар билан келишиб, кейин тасдиқлаймиз. Ундан сўнг кўчмас мулкларни оммавий баҳолаш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бугунги кунда у жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган. У қабул қилинганидан сўнг ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан буни солиқ базаси сифатида эътироф этиш ёки этилмаслик тўғрисида алоҳида кўриб чиқилади. 

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, бу ислоҳот солиқ юкини, солиқ тушумини кўпайтириш, оширишга қаратилмаган. Асосий мақсади нафақат иқтисодий актив сифатида қийматни аниқлаш, балки қийматларни адолатли, тўғри қайта тақсимлаш. Айтайлик, амалдаги қиймат бўйича шаҳар чеккасида жойлашган уй билан шаҳар марказида жойлашган  уйларнинг қиймати деярли бир хил. Бу чора-тадбирлар мана шу камчиликни тўғрилаш учун қаратилган. Бу дегани солиқ ошмайди. Тўғри айтдингиз, тегишли мутасаддилар томонидан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари томонидан солиқлар оширилмаслиги тўғрисида айтиб ўтилди. 43-сонли фармонда оммавий баҳолаш натижалари амалиётга жорий этилса, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ ставкаларини пасайтириш юзасидан таклифлар киритиш белгиланган. Яъни фуқароларнинг солиқ юки ошишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, яна битта нарсани айтишим мумкин. Энди авваламбор, солиқ сиёсати бўйича жавоб беришим сал нотўғри. Шахсий фикримни сўрадингиз, ҳар йил охирида келаси йилги солиқ-бюджет сиёсатини ижро этиш бўйича президент қарори имзоланади. Унга мувофиқ коэффициент белгиланади, яъни ўтган йилгига нисбатан 1,2 ёки 1,3 фоиздан ошмаслиги тўғрисида. Мен ўйлайманки, тегишли вазирлик, идоралар ушбу масала бўйича шунга ўхшаш таклиф киритади. Фуқароларимизга қўшимча солиқ юки юклаш ҳеч кимнинг мақсади эмас, режада ҳам бу кўзда тутилмаган. 

— Оммавий баҳолаш натижасида квартиралар 7-15 бараваргача қимматлашганини сўз бошида ҳам таъкидладим. Бу барча объектларга хосми ёки айрим ҳудуд ёки тоифалардагина уй-жойларда шундай кескин ўсиш кузатилдими? Масалан, туманлар кесимида тафовут қандай? Энг катта ва энг кичик тафовут ҳақида гаплашсак. Масалан, Чилонзор, Юнусобод, Мирзо Улуғбек ёки Шайхонтоҳурда фарқ қанчалик?

— Албатта, ушбу ўсиш суръатлари барча туман ёки барча квартирада бир хил эмас. Бу квартира, ушбу объектнинг нафақат квартира, балки ҳовли-жой, якка тартибдаги турар жой жойлашган жойидан келиб чиқиб фарқ қилади. Мисол учун, квартиранинг амалдаги кадастр қиймати билан бозор нархига яқин бўлган қиймати, яъни бизлар томондан берилган натижа, дастлабки натижа шаҳарнинг чекка ҳудудида камроқ шаҳар марказига нисбатан. Рақамлар билан гаплашсак, энг катта тафовут бу Миробод билан Мирзо Улуғбек туманида. Амалдаги биз тақдим этган дастлабки натижаларга кўра, деярли тўққиз баравар фарқ бор. Миробод ва Мирзо Улуғбекда 8,8, адашмасам. Янгиҳаётда беш баравар, энг кам кўрсаткич. Яъни шаҳарнинг чекка тумани бозор қийматига марказга қараганда яқинроқ. Бектемир, Яшнобод ва Сергели туманларида олти баравар, Чилонзор, айтганингиздек, 8,3 баравар ва Юнусобод, Шайхонтоҳурда 8-8,2 баравар фарқ қилган. Яъни бошида айтганимдек, бу объектнинг жойлашган жойига қараб фарқи келиб чиқди.

 — 15 бараваргача фарқ унда қандай чиқди?

— Яъни мисол қилиб, қўшимча қилиб айтамиз, 15 бараваргача фарқ бу – якка тартибдаги турар жойларнинг фарқи 15 бараварга ошган. Энг катта ўсиш, кадастр қийматига нисбатан тафовут Мирзо Улуғбек ва Миробод туманларида бўлса, бу дегани Мирзо Улуғбек туманидаги барча объектлар шундай эмас. Яъни Мирзо Улуғбек туманидаги жойлашган маҳалласидан, салоҳиятидан келиб чиқиб, қайсидир ҳудудида пастроқ тафовут аниқланган, қайсидир ҳудудида шу саккиз бараваргача аниқланган. Ҳаммаси Мирзо Улуғбек ё Миробод туманида саккиз бараварга ошди деган хулосага келиш ҳам нотўғри. Маҳаллалар кесимида нарх бўйича зоналаштирилганда,  уларнинг йиғиндисини туман миқёсида кўрадиган бўлсак, энг катта фарқ шу ҳудудларда чиқиб турибди. 

Ҳовлиларда фарқ 15 баравар бўлиб, бу жуда сезиларли фарқ. Бунинг асосий сабаби – ҳовлиларда кадастр қийматини ҳисоблаб чиқишда ернинг қиймати инобатга олинмайди. Яъни бугунги кунда бозорда энг қиммат актив ер бўладиган бўлса, кадастр қийматини ҳисоблашда фақатгина бино қиймати ҳисобланади. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш жараёнида, яъни бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлашда ер участкаси билан бирга қўшиб туриб ҳисобланганда сезиларли тафовут аниқланди.