2027 йил 1 январдан бошлаб умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.  

2027 йил 1 январдан фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими Халқ банкидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказилади. Тўпланган маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Шунингдек, кейинг йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳам келгусида пенсия таъминоти ҳамда давлат ижтимоий суғуртасидан фойдаланишини кафолатлаш мақсадида ижтимоий солиқни қатъий белгиланган тартибда тўлаш тизими жорий этилиши мумкин. Бунда уларга ижтимоий солиқни йил давомида бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Қарор лойиҳасига кўра, 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қисқартирилган иш вақти жорий этилади. Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда оила аъзоларининг мақомини белгилашда 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклардан расмий даромад талаб этилмайди.

Корхона ва ташкилотларга ижтимоий солиқ тўлови бўйича янги имтиёзлар берилишига йўл қўйилмайди ҳамда мавжуд имтиёзлар 2030 йил 1 январдан бекор қилинади.

Қайд этилишича, пенсия ёшини ошириш даврида пенсияолди ёшидаги фуқароларга қуйидагилар кафолатланади:

  • пенсияолди ёшини важ қилган ҳолда ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишдан бош тортишга йўл қўйилмайди;
  • ишсиз деб эътироф этилган фуқароларга 2 йил аввал муддатдан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;
  • ерости ишларида, меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда меҳнат тўлиқ иш куни давомида банд бўлган эркакларга 50-55 ёш ҳамда аёлларга 45-50 ёшдан қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади;
  • пенсия олувчиларга татбиқ этиладиган солиқ, транспорт ва соғлиқни сақлаш имтиёзлари сақлаб қолинади;
  • эркакларга 60 ёшдан ва аёлларга 55 ёшдан жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ҳуқуқи берилади.