Россия ва Украина АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатлар ўртасида «энергетика сулҳи» эълон қилинганидан бир неча соат ўтгач, бир-бирига зарба беришни давом эттирди.

15 сентябрга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари «Роснефт»нинг Самара областидаги Сизран нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди, корхонада ёнғин чиққан. Тунда регион узра жами 40 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Таганрогда Ozon омборлари, маҳаллий қишлоқ хўжалиги корхонаси, ўқув биноси, дўкон ва бир неча турар жойлар шикастланган. Astra маълумотига кўра, «Таганрог-Централний» ҳарбий аэродроми ҳам зарбага учраган. Таганрогда ҳам, Самара областида ҳам жабрланганлар тўғрисида хабар берилмаган.

photo_2026-09-15_17-58-48
Фото: Astra

Ўз навбатида, тонгда Россия дронлари Киевга ҳужум қилди. Саккиз киши жароҳат олган, зарба оқибатида шаҳарнинг Дарницкий ва Голосеевский районларидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ёниб кетган. Шунингдек, Киевнинг турли қисмларидаги омбор ва бир неча нотурар жойлар зарбага учраган. Запорижжяда инфратузилма объектига зарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жароҳат олган.

«Россия энергетика, оддий логистика ва муҳим инфратузилмаларимиз бўйлаб зарба беришни тўхтатмаяпти. Бунга жавобимиз – сезиларли бўлади», – дея ёзди тонгда Украина президенти Володимир Зеленский.

Навбатдаги ҳужумлардан бир неча соат олдинроқ АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида Москва ва Киев энергетика объектлари бўйлаб зарбаларни тўхтатишга келишиб олганини айтган, дизел нархи ошиб кетишининг асосий сабаби АҚШнинг Эрон билан уруши эмас, балки Россиянинг Украинага қарши уруши эканини қўшимча қилганди.

Financial Times нашри у бундай баёнот беришда шошилганини қайд этди. Энергетик сулҳ ғояси ҳақиқатан ҳам муҳокама қилинган: дастлаб АҚШ, Россия ва Украинанинг уч томонлама учрашувларида, феврал ойидаги музокаралар тўхтаб қолишидан кейин эса алоҳида музокараларда ва ёпиқ каналлар орқали. Бироқ, газета суҳбатдошлари таъкидлашича, Путин қиш арафасида бундай келишув тузишни истамайди. Москвадагилар совуқ мавсумда Украина энергетикасига берилган зарбалар Киевга босимни кучайтиради ва уни ён беришга мажбур қилади, деб ҳисоблайди.

Украиналик икки юқори мартабали мулозим FT билан суҳбатда Трампнинг баёнотини сайловчиларга ҳукумат ёқилғи нархини пасайтириш устида ишлаётганини кўрсатиш истаги билан изоҳлаган. Бу Трамп қиммат дизел учун жавобгарликни Украинага юклаши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. 13 сентябр куни у Зеленскийни Россиядаги дизел ишлаб чиқарувчи нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришни тўхтатишга чақириб, бундай зарбалар «бутун дунёга зарар етказаётгани»ни айтганди.