Алишер Рўзиохунов 2025 йил 26 феврал куни 32 ёшида хасталикдан вафот этган. У Kun.uz сайтида бир неча йил давомида фаолият юритиб, давлат ва жамият ҳаётидаги долзарб мавзуларда юзлаб материаллар тайёрлаган. Журналист иқтисодий мавзуларни ёритиш, муаммоли масалаларни ўрганиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган материаллари билан танилган.
У, шунингдек, давлат ташкилотлари ходимлари ва иқтисодий блок вакилларини бир стол атрофида жамлаган «Мунозара клуби» каби лойиҳаларни ташкил қилган. 2021 йилда эса «Ижтимоий-ҳуқуқий медиа маркази» ННТ муҳаррири сифатида «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланган.
14 сентябр куни Контент яратиш марказида журналист Алишер Рўзиохунов хотирасига бағишланган ҳужжатли филм намойиш этилди. Филм унинг қисқа, аммо мазмунли ҳаёти, журналистикадаги фаолияти, касбга муносабати ва ҳамкасблари хотиралари асосида тайёрланган.
«Унинг ҳаёти орқали журналист қандай бўлиши кераклигини изладик»
Филм муаллифларидан бири, журналист Юлдуз Олимованинг айтишича, лойиҳадан мақсад фақат Алишер Рўзиохуновни ёдга олиш эмас, балки унинг ҳаёти ва фаолияти орқали журналист учун муҳим қадриятларни кўрсатиш бўлган.
«Алишер учун журналистика шунчаки касб эмас эди. Унда билим ҳам, жасорат ҳам, изланиш ҳам, одамларга ёрдам беришга ошиқиш ҳам бор эди. Энг муҳими, у касби олдидаги масъулиятни ҳис қилиб яшади», — дейди Юлдуз Олимова.

Унинг таъкидлашича, филм Алишер Рўзиохунов ҳақидаги ишларнинг бошланиши сифатида кўрилмоқда. Келгусида миллий журналистикада ўз мактаби ва изини қолдирган, бугун орамизда бўлмаган бошқа журналистларнинг ҳаёти ва ижодини ҳам ҳужжатли филмлар орқали келажак авлодга етказиш мақсад қилинган.
«Журналистика фақат бугунни тарихга муҳрламаслиги керак. Журналистика ўз тарихини яратган инсонларни ҳам унутмаслиги керак», — дейди у.
«Унинг овози ва принциплари тирик»
Филм тақдимотида Алишер Рўзиохуновнинг яқин дўсти ва ҳамкасби Илёс Сафаров ҳам сўзга чиқди.
Унинг айтишича, филм устида бир неча ҳафта давомида ишланган. Лойиҳани амалга оширишда Контент яратиш маркази раҳбари Қобулжон Аҳмедов ва журналист Юлдуз Олимова катта ҳисса қўшган.



















