Ўзбекистон | 17:02 / 23.10.2020
40717
7 дақиқада ўқилади

Kun.uz ходими ва ИИБ ходимлари ўртасида низо келиб чиқди. Журналистнинг ўзи бу ишга касби аралаштирилмаслигини сўрамоқда

Журналист Алишер Рўзиохунов ички ишлар ходимлари томонидан ўзига нисбатан куч ишлатилгани ҳақида хабар берди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилаётганини маълум қилган.

Kun.uz журналисти Aлишер Рўзиохунов телеграмдаги саҳифасида 23 октябрга ўтар кечаси ўз шахсий автомобилида ҳаракатланиш вақтида ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилгани, унга бу вақтда ички ишлар органлари ходимлари томонидан куч ишлатилгани ҳақида ёзди.

У ўз мурожаатида вазирлик тизимидаги ходимларнинг хулқ-атворидан шикоят қилган ва вазир Пўлат Бобожоновдан истеъфо сўраган.

«23 октябрь куни тунги вақтда чорраҳадан ўтаётгандим. Чорраҳадан ўтиш билан йўл ҳаракати ходими – инспектор бир машинани тўхтатди. У йўл ёқасида турган инспектор хизмат машинасига ёнма-ён, йўлнинг иккинчи йўлагига тўхтади. Инспектор эса йўлнинг учинчи йўлагидан ҳайдовчи эшиги томон юриб келаётганди. Мен йўлдаги тирбандлик ва вазиятни кўриб, аранг учинчи ва тўртинчи бўлак орасига тушиб қолдим. Инспекторнинг қўли машинамнинг ўнг ён ойнасига тегиб кетди.

Шу жойдан қочмай, инспектор келишини кутдим, унга йўл ўртасига сал эътибор билан чиқишини айтганим билан можаро бошланди. Ҳамма ишини қўйиб, 6дан ортиқ ходим мени ўраб олди. Инспектор ҳужжатларимни талаб қилди. Бердим. Шу орада қий-чув қилиб, ходимлар «буни расмийлаштир, одам урди» деб «ақл» ўргата бошлади. Мен сал шокка тушдим.

Шу орада шаҳар ИИББда кимни танисам, қўнғироқ қилиб, англашмовчилик билан иш жиддийлаштирилаётганини тушунтирдим. Инспектор телефонимни олиб бир четга ўтиб кетди. Гўшакни нариёғидаги одам вазиятни унинг оғзидан эшитаётганди. Шу пайт ниқобда, ҳеч қандай таниш белгиси бўлмаган 2 нафар ходимнинг бири дубинка билан қорнимга солди. Ҳеч қандай сабаб йўқ. Айнан шу ходим менсимай, ҳақоратлаб гаплаша бошлади. Буни тушунмадим, аммо вазият кескинлашиб кетмаслиги учун хўп, ака деб тургандим. Шу хўп сўзим ҳам ёқмади шекилли. Дубинка зарбидан икки букилиб ерга ўтирдим. Қолганлар масхара қилишни бошлади. «Актёр экан, тегма, ҳозир ўзига келади», деб.

Инспектор телефонда суҳбатни тугатиб, қайтиб келди ва мен журналист эканимни қолганларга айтди. 10 дақиқадан сўнг атрофдаги ходимлар тумтарақай бўлди. Инспектор ва зудлик билан шу жойга етиб келган раҳбари мени юпатиб кечирим сўради. Мен қабул қилдим. Аммо гап уларда эмасди. Хуллас, вазир жаноблари, иккиюзламачи, ўзбошимча ва ваколатини суиистеъмол қилиб, одам урадиган, ҳақоратлайдиган ходимларингизни ислоҳ қилолмаяпсиз. Буни эплайдиган одамга ўрнингизни бўшатиб беринг», дея ёзган у.

Журналист айби бўлган тақдирда инспектордан 5 марта ўзини расмийлаштиришни сўраганини айтган.

Кўп ўтмай Тошкент шаҳар ИИББ Алишер Рўзиохунов билан содир бўлган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда Kun.uz интернет нашри журналисти Алишер Рўзиохунов 22 октябрдан 23 октябрга ўтар кечаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганлиги хақида маълумотлар тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур маълумот ўрганиб чиқилиб, воқеада иштирок этган барча ходимларнинг ҳамда фуқаро А.Рўзиохуновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», дейилган баёнотда.

ИИББ фуқаролар, блогер ва журналистлардан «ўз мавқейини рўкач қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишига халақит бермаслик, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб оммага намойиш қилмаслик»ни сўраган.

Ушбу ҳолат бўйича Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдиришди.

«Куни кеча журналист Алишер Рўзиохунов билан бўлиб ўтган ҳолатдан биз хавотирдамиз. Журналист ўз саҳифасида ёзган гаплари рост бўлса, уни ҳақиқатда ҳам ички ишлар ходимлари дубинка билан калтаклаган бўлса, биз ушбу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиб, масалага ойдинлик киритилишини, айбдорларга нисбатан жазо чораси қўлланилишини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан сўраймиз. Журналист томонидан қонун бузилган тақдирда ҳам унга нисбатан қўл кўтарилиши мумкин эмас. Ва қонун барча учун баробар бўлиши керак. Ушбу ҳолатни биз диққат билан кузатиб борамиз», — дейди Комил Алламжонов.

«Албатта қонун барча учун баробар бўлиши керак. Хоҳ у оддий фуқаро ёки журналист бўлсин, лекин хизмат вазифасидаги ходимлар одамларга қўл кўтаришига қаршимиз. Журналистларни биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қиламиз», — дея муносабат билдирди Саида Мирзиёева.

Ўз ўрнида Алишер Рўзиохунов Тошкент шаҳар ИИББ баёнотига жавоб қайтарди. У ўша воқеа рўй берган вақтда ИИБ ходимларига бирор марта журналистлигини рўкач қилмагани, ишхонаси номини тилга олмагани ва ўзини оддий ҳайдовчи сифатида тутганини айтган.

«Бугун, 23 октябрь куни Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Тошкент шаҳар бўйича бўлими бошлиғининг таклифи билан суҳбатга бордим. Бўлган воқеани менинг талқинимда эшитди, фикр алмашдик. Мазкур иш юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши, бу Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи назоратида экани таъкидланди.

Аммо Тошкент шаҳар ИИББ тарқатган расмий муносабат мени ҳайратлантирди. Негаки, унда «блогер ва журналистлардан, ўз мавқейини рўкач қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишларига халақит бермасликлари, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб, оммага намойиш қилмасликлари» сўралган.

Яъни Тошкент шаҳар ИИББ мен билан юз берган ҳолат бўйича барча томон ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади, деб айтяпти-ю, аввалдан хулосани ҳам тақдим этяпти. Демак, мен содир бўлган воқеани бузиб талқин этганманми?! Мен мазкур ҳолатда ИИБ ходимларига бирор марта журналист эканимни рўкач қилмадим, ишхонам тилга олинмади ва ўзимни оддий ҳайдовчи сифатида тутдим. Шаҳар ИИББ муносабати, текшируви қандай якунланишини башорат қилиб ўтирмайман, барча гап очиқ-ойдин ёзилган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳолат юзасидан хавотирини билдирган. Фонд раҳбариятининг ғамхўрлиги ва огоҳлигини олқишлайман. Холислик учун айтаманки, бу ҳолат ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги муносабат сифатида кўрилиши лозим.

Тўғри, агар журналистлигим, масалани жамоатчилик эътиборига ҳавола этишим мумкинлигини ходимлар англамаганда, вазият жиддий тус оларди, деб ҳисоблайман.

Соғлиғим жойида, бундан хавотирланишга ўрин йўқ», деган у.

Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, Алишер Рўзиохунов билан боғлиқ ҳодиса юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Сайт таҳририяти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишни ҳар тарафлама холис ўрганиб, натижаси бўйича адолатли қарор қабул қилишига умид билдириб қолади.

Мавзуга оид