Фарғона вилояти Учкўприк туманида овқатдан заҳарланишда гумон қилинган 31 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 17–18 сентябр кунлари Учкўприк туманида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирув жараёнида мурожаат қилган фуқаролар Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган фаст-фуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчалардан бирида ҳот-дог ва нон-бургер каби маҳсулотларни истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорлар томонидан беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолатига гумон қилинган.
18 сентябр куни соат 17:00 ҳолатига жами 37 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 31 нафари шифохонага ётқизилган.
«Ҳозирда беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Гумондаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда беморлардан текширув ўтказиш учун тегишли намуналар олинган ва тегишли лабораторияларда текширилмоқда», – дейилган хабарда.
Тадбиркорлик субекти фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинчалик тўхтатилди.
Ҳолат бўйича қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинган.

















