Йиғилишда Қорақалпоғистонда 4 млн 300 минг гектар яйлов ери борлиги, шундан 2,5 млн гектаридан аҳоли даромадини ошириш ва чорвани кўпайтириш учун етарлича фойдаланилмаётгани қайд этилди.
“Беруний Агростар” Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда айланмадан чиққан 2 минг гектар ерни тиклаб, озуқа етиштиришга мослаштирмоқда. Келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бу 14 минг бош қорамол учун озуқа базаси бўлади.
Бўзатовда ҳам 7,5 минг гектар ерни озуқага мослаштиришга 100 млрд сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия бериш бўйича ўн кунда қарор киритиш топширилди.
Миср тажрибасини ўрганиш учун 200 нафардан зиёд фермер, жумладан, қорақалпоғистонлик 26 нафар фермер ушбу давлатга юборилган. Дастлабки босқичда Қорақалпоғистоннинг 20 минг гектар майдонида Миср тажрибаси йўлга қўйилади.
Чўл ҳудудларида озуқа етиштиришни кўпайтириш учун Мисрдан мутахассислар ва технологиялар жалб этилади. Чорвачилик учун Осиё тараққиёт банкидан олинаётган 60 млн доллар кредит ва 8 млн доллар грант биринчи навбатда шу лойиҳага йўналтирилади.
Йиғилишда Қорақалпоғистондаги 417 минг гектар экин ерини суғоришга 5 млрд 700 млн куб метр сув сарфланаётгани таъкидланди. Йўқотишлар 38 фоизни – 2 млрд 100 млн куб метрни ташкил этмоқда.

Тўрткўлдаги “Ёнбош” каналидан йилига ўтадиган 115 млн куб метр сувнинг 44 миллиони йўқотилади. Канал тўлиқ бетонланса, яна 9 минг гектарга сув етказиш ва 15 минг бош қорамол учун озуқа базасини яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Бўзатовдаги “Эркиндарё” каналининг 8 километрини бетонлаш ҳисобига фойдаланиладиган ер 3 минг гектарга кўпаяди, 15 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. 3 та сув иншооти ва 22 та артезиан қудуқ барпо этилиши яна 5 минг гектар озуқа майдонини яратиш имконини беради.
Ушбу ишларга жами 135 миллиард сўм ажратиш, икки канални 1-мартгача бетонлаш топширилди. Тўрткўл ва Бўзатовда келаси йил 17 минг гектарда озуқа экиб, 2 минг одамни даромадли қилиш вазифаси белгиланди.

















