21 сентябр куни Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 6-тури ўтказилди.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли эркаклар жамоаси амалдаги чемпионлар, бу сафарги турнирда ҳам ғолибликка асосий даъвогарлардан бири саналган Ҳиндистон вакиларига қарши дона сурди.
6-тур арафасида икки жамоа ҳам 5 тадан ғалабага эришган ҳолда 10 тадан очко жамғарганди, Ўзбекистон-1 жамоаси фақат қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига биринчи ўринда жойлашганди. Ушбу беллашув тақдири амалда турнир ғолиби масаласини ҳал қилиши кутилаётганди.
Ўзаро баҳс кутилганидек шиддатли кечди ва драматик якун топди. Аввалига Жавоҳир Синдаров қийин вазиятда қолганига қарамай, Аржун Эригаиси билан дуранг қайд этишнинг уддасидан чиқди.
Нодирбек Абдусатторов Рамешбабу Праггнандҳа билан баҳсда муроса кўчасини танлади. Шамсиддин Воҳидов эса амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан очкони тенг бўлишиб олди.
Шундан кейин барчанинг эътибори Нодирбек Ёқуббоев ва Ниҳал Сарин ўртасида баҳс кетаётган доскага қаратилди. Бу баҳсда аввалига ҳиндистонлик шахматчи позиция бўйича ҳам, вақт бўйича ҳам катта устунликка эга эди, аммо кутилмаганда кетма-кет хатоларга йўл қўйди, фарзинни олдиргач эса таслим бўлди.
Шу тариқа, икки фаворит жамоа ўртасидаги баҳс мезбонларнинг 2,5-1,5 ҳисобидаги устунлиги билан якунланди.
Ўзбекистон-1 жамоаси турнир давомида Ямайка (4:0), Перу (3,5-1,5), Австрия (3,5-1,5), Туркия (2,5-1,5) ва Венгрия (4:0) каби жамоалар устидан ғалаба қозонганди.
6-турдан кейин Ўзбекистон-1 жамоаси очколари сонини 12 тага етказган ҳолда биринчи ўринни мустаҳкамлади. Ҳиндистон эса 10 очкоси билан қолди ва кучли учликни тарк этди. Бу турда Германияни мағлуб этган Хитой ҳамда Эрондан устун келган Арманистон 11 тадан очко билан иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб турибди.
Маълумот учун, сўнгги уч Олимпиада давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон тўрт марта тўқнашган. Олдинги учта ўзаро баҳсда дуранг қайд этилганди, Самарқанддаги ғалаба эса Ўзбекистон учун ўзаро учрашувлардаги илк ғалаба бўлди.
Ўзбекистон-2 жамоаси (Жаҳонгир Воҳидов, Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бегмуратов) ҳам бу турда Испания устидан ғалаба қозонди (2,5-1,5) ва очколари сонини 10 тага етказиб, умумий рейтингда 10-ўринга кўтарилди. Ҳиндистон, Франция, Нидерландия, Англия, Германия ва Озарбойжонда ҳам 10 тадан очко бор, аммо бу жамоалар қўшимча кўрсаткичлар эвазига юқорироқда жойлашган.

















