Йўлдаги агрессив ҳаракат деганда фақат тезликни ошириш ёки йўл қоидасини бузиш тушунилмайди. Орқадан сигнал чалиб, бошқа ҳайдовчини шошириш, пиёдани қўрқитиш, кескин манёврлар қилиш, тирбандликда асабийлашиш ҳам йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир қилади. Айниқса, мактаблар атрофида бундай ҳаракатлар жиддий хавф туғдиради.
Суҳбат давомида мактаблар олдидаги 30 км/соатлик тезлик чеклови, ҳайдовчиларнинг стресс ва ҳиссиётлари, йўлдаги агрессив хулқнинг сабаблари, қоидабузарлик учун ҳуқуқий жавобгарлик ва жарима баллари муҳокама қилинди. Шунингдек, жазонинг ўзи етарлими ёки ҳайдовчилик маданиятини ошириш ва жамоатчилик таъсирини кучайтириш керакми, деган саволларга ҳам жавоб изланди.
Мактаб олдидаги 30 км/соат нега муҳим?
Тошкентда 400 га яқин мактаб бор, уларнинг 91 таси асосий кўча ва йўллар бўйида жойлашган. Болаларнинг йўлга тўсатдан чиқиб қолиши мумкинлиги эса мактаб атрофида оддий йўл қоидаларидан кўра қаттиқроқ эҳтиёткорликни талаб қилади. Мактаб олдида тезликни 30 км/соатга чеклашнинг ўзи болалар хавфсизлигини таъминлайдими?
«Статистикага қарайдиган бўлсак, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари умумий ЙТҲларнинг салмоқли қисмини ташкил қилади. Болалар иштирокидаги ЙТҲларнинг эса 82 фоизи пиёдалар билан боғлиқ. Бунда болаларнинг белгиланмаган жойдан ёки тартибга солинган жойдан ўтиши каби ҳолатлар асосий қисмни ташкил қилади. Шунинг учун айнан пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кучайтиришимиз керак», - дейди Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакили Зокир Файзиев.
«Икки-уч дақиқа учун тезликни оширишнинг маъноси йўқ»
Ҳайдовчи Абдуқодир Ўткировнинг фикрича, тезликни ошириш сабабларидан бири ҳайдовчилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва йўл маданияти етишмаслиги билан боғлиқ. Унинг таъкидлашича, айрим ҳайдовчилар тирбандликда бир неча дақиқа ютиб қолиш учун тезликни оширади ёки бошқа транспорт воситаларини шоширади.
«Баъзи ҳайдовчилар йўлда икки-уч дақиқа олдинроқ етиб бориш учун тезликни оширади. Аслида шу икки-уч дақиқа учун ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйишнинг маъноси йўқ. Айниқса мактаблар олдида бола қаердан чиқиб қолишини олдиндан билмайсиз. Ҳайдовчи қанча тажрибали бўлмасин, кутилмаган вазиятда реакция қилиш учун унга вақт керак.
Ўзим ҳам шундай ҳолатга дуч келганман. Мактабнинг олдидан ўтиб кетаётган эдим. Биз асосан навигатор билан ҳам ишлаймиз. Белгини кўрмай қолган тақдиримизда ҳам навигатор огоҳлантиради: 30 тезликда юриш керак, деб. 30 тезликда кетяпман. Орқамдан иномарка машина келди, сигнал чалиб, тезроқ юришга ишора қила бошлади. Барибир қонун-қоидага амал қилиш керак-да. Эътибор бермадим, 30 тезликда кетяпман. Орқамдан яна сигнал чала бошлади, “тезроқ юрмайсанми?” дегандек. Мажбур бўлиб тезроқ юрдим. Шунда битта болани уриб юборишимга сал қолди. Кейин машинани четга олиб, ўша ҳайдовчига тушунтирдим. Агар уриб юборганимда нима бўларди? Мен айбдор бўлардим, сен эса ўтиб кетардинг”, дедим», — дейди Абдуқодир Ўткиров.













