Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 24 сентябр куни Нью-Йоркда дунёнинг йирик инвестиция компанияси BlackRock раҳбарияти билан учрашди.
«Нью-Йоркда BlackRock раҳбарияти — компания президенти Роберт Капито, витсе-раис Томас Донилон, Global Infrastructure Partners раиси ва бош ижрочи директори Адебайо Огунлеси, Молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда компаниянинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича раҳбари Чарлз Хатами билан учрашдик.

Мулоқот давомида 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилдик. BlackRock ушбу Марказ концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда.
АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги қўшма давра суҳбатида Ўзбекистон ҳамда минтақамизнинг яқин ўн йилликларга мўлжалланган ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдик», деб ёзди Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон йирик, самарали, сифатли сармоялар учун янги имкониятлар майдонига айланмоқда.

















