Кураш бўйича мусобақада яримфинал баҳси ўзбекистонлик курашчилар дуэлига айланди. Шунингдек, ўзбекистонлик боксчилардан уч нафари яримфинал масаласини ҳал қилди.Осиё ўйинлари арафасида спорт фуқаролигини ўзгартириб, Ўзбекистон номидан қатнашган Анастасия Бахтирева ва Виолетта Евенко (ҳар иккиси ҳам Европа чемпионлари) синхрон сузиш бўйича мусобақада натижа кўрсата олмади.
Фото: Миллий олимпия қўмитасиФото: Миллий олимпия қўмитаси
27 сентябр куни Ўзбекистон делегацияси вакиллари 2026 йилги Осиё ўйинларида 13 та спорт турида иштирок этди. Кун давомида 2 та олтин ва 2 та бронза қўлга киритилди.
Кураш
Бугунги баҳсларда Ўзбекистон кураш жамоасининг 4 вакили гиламга чиқди.
57 килограммгача вазн тоифасида Ибодатхон Агожонова дастлабки босқичда қозоғистонлик Рауза Нурмахамедовани мағлуб этди (3:0), чорак финалда япониялик Демура Карендан устун келди (5:0), яримфиналда эса Япониянинг яна бир вакили Куроки Нацуми билан беллашди ва уни ҳам таслим этди (10:0). Финалда Хитой Тайпейи вакили Ли Ванг-Тингни ҳам енгди ва олтин медални ўзиники қилди.
+90 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган курашчи Бекмурод Олтибоев иштирокини чоракфиналдан бошлади ва мўғулистонлик Дуренбаяр Улзибаярнинг курагини ерга теккизди (1:0), аммо яримфиналда ўзбекистонлик бошқа бир курашчи Шоҳруххон Бахтиёровга ютқазди (0:3) ва бронза билан кифояланадиган бўлди.
Ўз навбатида, уни енгиб финалга чиққан Шоҳруххон Бахтиёров ҳал қилувчи баҳсда тожикистонлик Шакармамад Мирмамадов устидан ғалабага эришиб (5:0), Осиё ўйинлари чемпиони унвонини қўлга киритди.
Бокс
Ўзбекистон бокс жамоаси бугунги дастурда ҳам йўқотишларга учради.
Аёллар ўртасида -54 кг вазн тоифасида рингга чиққан
Мавзуга оид
Нигина Ўктамова
таиландлик Натнича Чонгпронгкланг билан жанг қилди. Ўзбекистон вакили барча раундларда фаол ҳаракат қилди ва кўпроқ зарбалар берди, рингдаги рефери таиландлик спортчидан сусткашлиги учун очко олиб ташлади, аммо якунда реферилар кутилмаган натижани эълон қилишди (2:3). Нигина турнирдаги иштирокини икки кун олдин тожикистонлик Бибинашастамо Холова устидан ғалаба қозониш билан бошлаганди (5:0), аммо энди турнирни медалсиз тарк этадиган бўлди.
-65 кг вазн тоифасида жанг қилган Навбаҳор Ҳамидова ҳам иштирокини чорак финалда якунлади. Ушбу спортчи уч кун олдин Жанубий Корея вакили Сужин Сеон устидан ғалабага эришганди (5:0), аммо бугун ҳиндистонлик Парвинга ютқазиб қўйди (0:5).
Бу бокс жамоасидаги иккинчи ва учинчи йўқотишлар бўлди. Бир кун олдин эркаклар ўртасида -55 кг вазн тоифасида Самандар Олимов дастлабки босқичда таиландлик Кангпи Бохунтодга қарши жанг қилган, уч раунд давомида ҳам устунлик қилганига қарамай, якунда ҳакамлар ғалабани рақибга бериб юборишганди (2:3).
Бугун эркаклар ўртасида -80 кг вазн тоифасида Фазлиддин Эркинбоев ҳам Осиё ўйинларидаги юришини бошлади. У биринчи жангини чоракфиналда Шри-Ланка вакили Язмин Моҳаммедга қарши ўтказди. Рақибидан ҳар жабҳада устун бўлган Эркинбоев жанг тақдирини 1-раунддаёқ ҳал қилди (рефери жангни муддатидан олдин тўхтатди) ва кейинги босқичга йўл олди.
-60 кг вазн тоифасида эса Абдумалик Ҳалоков чоракфинал доирасида филиппинлик Жунмилардо Огайре тўсиғидан ўтди (5:0) ва ярим финалга йўл олди.
Бугун +90 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жаҳонгир Зокиров ҳам Осиё ўйинларининг чорак финал баҳсида рингга кўтарилди. Унга бу босқичда тожикистонлик Муҳаммад Аброриддинов рақиблик қилди. Бутун жанг мобайнида устунликка эришган Зокиров 5:0 ҳисобида зафар қучди ва ярим финалга йўл олди.
Қиличбозлик
Жамоавий сабля бўйича баҳсларда Ўзбекистон аёл қиличбозлар жамоаси Осиё ўйинлари бронза медалига эга чиқди. Зайнаб Дайибекова, Фернанда Эррера, Гулистан Пердебаева ва Самира Шокировадан иборат жамоа чорак финалда Ҳиндистон устидан ғалаба қозонганди (45:35), аммо ярим финалда Японияга 33:45 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон эркаклар жамоаси эса шпага бўйича баҳсларнинг саралаш босқичидаёқ Жанубий Кореяга ютқазди (33:45).
Синхрон сузиш
Анастасия Бахтирева ва Виолетта Евенко синхрон сузишда 270.5893 балл тўртинчи натижани қайд этди ва медалсиз қолишди (учинчи ўриндаги Қозоғистон жамоаси 286.0826 натижа қайд этган). Анастасия Бахтирева 2025 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медал олган, уч карра Европа чемпиони ҳисобланарди. У ўз шериги Виолетта Евенко (у ҳам Европа чемпиони бўлган) билан Осиё ўйинлари арафасида спорт фуқаролигини ўзгартирган ва Ўзбекистон жамоасига қўшилганди.
Енгил атлетика
Жорий Осиё ўйинларида уч ҳатлаб сакрашда чемпион бўлишга улгурган Шарифа Давронова узунликка сакраш бўйича мусобақада 6-ўрин билан чекланди.
Кўпкураш бўйича баҳслар финалига чиққан Шокиров Заҳриддин 4-, Нодир Норбоев эса 9-ўринни банд этди.
Найза улоқтиришда қатнашган Наргизахон Қўчқорова ҳам саралашдан ўтди, аммо финалда тўртинчи ўрин билан кифояланди.
Нодир Анваров узунликка сакрашда ўз гуруҳида энг юқори натижани қайд этиб, финалга йўл олди. Медаллар учун баҳслар 28 сентябр куни бўлиб ўтади.
Ўқ отиш
Нигина Саидқулова 25 метрдан тўппончадан ўқ отиш бўйича баҳсларда 290-7x натижа билан 45 спортчи орасида еттинчи бўлди.
Ҳаводаги нишонга ўқ узиш бўйича мусобақада Азамат Қаюмов 7-, Охунжон Абдуқодиров 24-, Тимур Еналиев эса 34-натижани қайд этди.
Чим устида ҳоккей
Чим устида ҳоккей бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси гуруҳ босқичида Индонезияга қарши ўйинда (2:1) турнирдаги илк ғалабасига эришди. Бунгача жамоа Ҳиндистон (0:19), Таиланд (1:3), Япония (1:7) ва Сингапур (1:3) билан ўйинларда ютқазганди.
Ҳандбол
Ҳандбол бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси Осиё ўйинларида навбатдаги ўйинни Ҳонгконгга қарши ўтказди ва 28:27 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу жамоанинг турнирдаги иккинчи ғалабаси бўлди – дастлабкиси 25 сентябр куни Ветнамга қарши ўйинда қўлга киритилганди (29:21). Яна тўрт ўйинда – Япония (12:43), Хитой (14:37), Жанубий Корея (13:43) ва Қозоғистон (20:35) билан ўйинларда мағлубиятга учралган.
Воллейбол
Ўзбекистон эркаклар волейбол жамоаси турнирдаги иштирокини Японияга 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиш билан бошлади. Жамоа гуруҳдаги кейинги ўйинларни Покистон ва Қозоғистонга қарши ўтказади.
Теннис
Аралаш жуфтлик баҳсларида Сергей Фомин ва Ҳумоюн Султонов жуфтлиги Тайван вакиллари Ҳуанг Сунг-ҳу ва Ву Тунг-лин жуфтлиги устидан ғалаба қозонди: 4:6, 6:3, 10:3.
Яккалик баҳсларида Севил Йўлдошева эронлик Мандегар Фарзамига (5:7, 3:6) ютқазган, Даря Шубина Ҳонгконг вакили Шек Чек Йинг билан баҳсни охиригача давом эттира олмаган.
Камондан ўқ отиш
Амирхон Содиқов ва Нилуфар Ҳамроева аралаш жуфтлик баҳсларида Мўғулистон вакилларига 0:2 ҳисобида (2:6, 0:2; 0:2, 0:2) мағлуб бўлишган.
Амирхон Содиқов, Бекзод Боборажабов ва Ўткиржон Ҳошимов триоси ҳам жамоавий баҳсларда Индонезияга 0:2 ҳисобида (2:6, 0:2; 0:2, 0:2) ютқазишган.
Зиёдахон Абдусатторова, Нилуфар Ҳамроева ва Малика Анваржонова Ветнамга 0:2 ҳисобида (0:6, 0:2; 0:2, 0:2) мағлуб бўлган.
Сувга сакраш (10 м синхрон платформа) бўйича мусобақада қатнашган Абдуваҳоб Ваҳобов ва Амал Мавлонов жуфтлиги 236.16 балл билан олти жуфтлик орасида олтинчи бўлишди.
Ҳозирда Ўзбекистон делегацияси 10 та олтин, 17 та кумуш ва 11 та бронза билан тўртинчи ўринни мустаҳкамлаган.