БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги Тошкентда хавфли чиқиндиларни экологик жиҳатдан мақбул бошқариш масаласига бағишланган давра суҳбатини ўтказди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати маълум қилди.  

Тадбирда халқаро ташкилотлар, ривожланиш ҳамкорлари, давлат идоралари, Ўзбекистон цемент ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ва цемент заводлари вакиллари қатнашди – унда айрим турдаги хавфли чиқиндиларни цемент ишлаб чиқариш жараёнида муқобил ёқилғи ва хомашё сифатида биргаликда қайта ишлаш имкониятлари кўриб чиқилди. 

Цемент печларида чиқиндиларни биргаликда қайта ишлаш (co-processing) айрим мамлакатларда хавфли чиқиндиларни бошқариш усулларидан бири сифатида қўлланади. Бунда чиқиндилар цемент ишлаб чиқариш жараёнида ёқилғи ёки хомашёнинг муқобили сифатида ишлатилиши мумкин. 

FAO маълумотларига кўра, Ўзбекистонда хавфли чиқиндиларни йўқ қилиш имкониятларининг чеклангани атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдиради. Шу сабабли цемент саноатининг ушбу йўналишдаги салоҳиятини ўрганиш масаласи кун тартибига чиқарилган. 

Озарбойжон тажрибаси ҳам ўрганилди 

Давра суҳбатида FAO кўмагида Озарбойжонда доимий органик ифлослантирувчи моддаларни ўз ичига олган пестицид чиқиндиларини назорат остида биргаликда қайта ишлаш бўйича ўтказилган синов тажрибаси ҳам тақдим этилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон цемент ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг чиқиндиларни биргаликда қайта ишлашга бизнес ва инвестиция қарори сифатида ёндашуви муҳокама қилинди. 

Тадбир якунида пилот лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳал қилиниши лозим бўлган дастлабки тартибга солиш, рухсат бериш, инфратузилма ва инвестиция масалалари белгилаб олинди. 

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси дастур менежери Роберто Апарисионинг таъкидлашича, кейинги босқичда муҳокамаларни давлат идоралари ва саноат вакиллари билан келишилган йўл харитасига айлантириш муҳим. 

2026-09-26 12.43.32