ABC News телеканали 29 сентябр куни АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийсига таяниб, шундай хабар берди. Аввалроқ киберҳужум ҳақида Military Times нашри маълум қилган эди.
Пентагон вакилига кўра, 2025 йил октябридан 2026 йил июлигача оз сонли бегона фойдаланувчилар Мудофаа вазирлигининг Кадрлар маълумотлари маркази — DMDCʼда сақланаётган шахсий маълумотларга рухсатсиз кириш имконига эга бўлган.
«Бу ҳолат аниқланиши билан DMDC заифликни дарҳол бартараф этди», — деган вазирлик вакили.
ABC News суҳбатдошининг баҳосича, сизиб чиқиш кўлами ва ошкор бўлган маълумотларнинг махфийлик даражаси миллий хавфсизлик юзасидан хавотир уйғотиши мумкин. Хусусан, файлларда ҳарбий хизматчилар ва фуқаролик ходимларининг лавозимлари ҳақида маълумотлар бўлган.
Пентагоннинг асосий кадрлар базаларидан бири
DMDC Пентагоннинг кадрларга оид асосий маълумотлар базаларидан бири ҳисобланади. Унда амалдаги ҳарбий хизматчилар, резервчилар, фуқаролик ходимлари, пудратчилар, пенсионерлар, фахрийлар ва ҳарбийларнинг оила аъзолари ҳақидаги ҳужжатлар сақланади.
Пентагон маълумотига кўра, ҳозирча қўлга киритилган маълумотлардан ёвуз мақсадларда фойдаланилганини кўрсатувчи аломатлар аниқланмаган.
Аввалроқ, 23 сентябр куни АҚШ Федерал қидирув бюроси ҳам ўзининг иш ўринлари эълон қилинадиган сайтига эҳтимолий киберҳужум ҳақида хабар берган эди. Ўша ҳодисадан қанча одам жабрлангани ҳозирча маълум эмас.

















