Flydubai авиакомпаниясининг Дубайдан Исроил пойтахти Тел-Авивга учган йўловчи самолёти бортида фавқулодда ҳолат рўй берди.

Бортида 174 йўловчи, жумладан, 27 нафар бола бўлган ушбу самолёт Иордания осмонида ҳаракатланаётганида ерга қўлга олишга уриниш ҳақида сигнал юборилган. Исроил ҳукумати самолёт учувчилари билан боғлана олмаган ва қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.

Кейинроқ самолёт учувчилари ўзаро муштлашиб кетгани, иккинчи учувчи самолёт бошқарувини қўлга олиш учун кема командирига ҳужум қилгани маълум бўлди. Учувчилар кабинасидаги шовқиндан кейин йўловчилар кабинага бостириб киришган ва иккинчи учувчини зарарсизлантиришган.

Ижтимоий тармоқларда самолёт бортидан олинган кадрлар тарқалмоқда. Суратлардан бирида ҳужум қилган учувчини зарарсизлантирган йўловчилардан бирининг кийимлари қонга беланганини кўриш мумкин.

Манбаларга кўра, бортда командировкага кетаётган ва фуқаролик кийимидаги учувчилар бўлишган. Айнан улар самолёт бошқарувини қўлга олиб, уни Саудия Арабистонининг Тобук шаҳрига қўндиришган.

Биринчи учувчи ҳушсиз ҳолда шифохонага олиб кетилган. Иккинчи учувчи сўроқ қилинмоқда. Исроил йўловчиларни Тел-Авивга олиб кетиш учун бошқа самолёт юборган.

Аввалига ижтимоий тармоқларда учувчилардан бири Россия, иккинчиси Украина фуқароси экани ҳақидаги хабар тарқалганди. Аммо кўп ўтмай Исроилдаги нашрлар бу маълумотни рад этиб чиқди. Маълум бўлишича, БАА фуқароси ҳисобланган асосий учувчига ҳужум қилган учувчи Ўмон фуқароси бўлган. Унинг мотиви ҳозирча аниқ эмас.

Исроил ҳукумати теракт версиясини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, иккинчи учувчи самолётни қулатиш орқали ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани тахмин қилинмоқда.