Исроил бош вазири Нетаняҳунинг БМТда навбатдаги чиқишида Исроил Ғазода геноцид содир этгани ҳақидаги гапларни «асрнинг энг катта ёлғони» деб атади. Лекин Исроил Фаластин заминида содир этаётган бу галги қилмишлари аввалгиларига ўхшамайди, бу галги уруш тўлқинини бутун дунё салкам онлайн режимда кузатиб бормоқда. Ғазода шунақа кўп уруш жиноятлари содир этилдики, энди уларни рад этиш имконсиз.

aa11

2024 йил январда Ғазони қамал қилиб турган Исроил ҳарбийлари навбатдаги хунрезликни содир этади. Улар 5 ёшли қизча Ҳинд Ражаб, унинг олти нафар қариндоши ва Фаластин Қизил ярим ой жамияти ходимларини ўлдиради. Бу иш халқаро миқёсда қораланса-да, Исроил ҳодиса содир бўлганини рад этади. Яқинда яҳудий давлати хунрезликни тан олди ва суриштирув бошланди. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари текширувлар натижасиз бўлиши, ҳарбийлар жазосиз қолишини тахмин қилмоқда.

1
Фото: bbc.com

Танк нишонидаги Kia

2024 йил 29 январ куни Ҳинд Ражаб ва унинг олти нафар қариндоши Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилаётган Ғазодан чиқиб кетишга қарор қилади. Улар Тел ал-Ҳава туманидан Kia машинасига ўтириб йўлга чиқади. Ўша атрофда бўлган Исроил танки машинага қарата снаряд отади. Оқибатда Ҳинднинг холаси, тоғаси ва уч нафар амакиваччаси ҳалок бўлади. Қизча ва унинг 15 ёшли яна бир амакиваччаси Ҳамада яраланади.

Ҳамада Фаластин Қизил ярим ой жамиятига қўнғироқ қилади ва ёрдам сўраб, «рўпарамизда танк турибди, улар бизни ўққа тутяпти, биз енгил машинадамиз. Қариндошларимиз ҳалок бўлишди», дейди. Шу пайтда исроиллик ҳарбий Ҳамадани отиб ўлдиради. Телефонни Ҳинд Ражаб олади, ходимлар унга алоқани узмасликни, тез орада ёрдамга боришларини айтишади.

5 ёшли қизча телефонда нима ҳам дерди... У ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, «қўрқяпман, мени олиб кетинглар», дейди. Қизил ярим ой жамияти ходимлари унга ҳаракатланмай жим ётишни, эътибор тортмасликни уқтиради. Қизча улар айтгандай йўл тутади. Ҳинд Ражаб турган жойни исроилликлар ўраб олганди, Қизил ярим ой жамияти ходимлари унинг олдига етиб бориш учун музокара ўтказади.

Бир неча соат деганда Исроил ҳарбийлари уларни қизча турган жойга ўтказишга рози бўлади. Тез ёрдам машинаси қизчанинг олдига қараб йўлга тушганда, Исроил ҳарбийлари уни нишонга олади. Ўқ овози эшитилади ва тиббиёт ходимлари билан алоқа узилади. Ҳарбийлар ичида Ҳинд Ражаб бўлган машинага ҳам автоматдан ўқ узишади. Оқибатда тиббиёт ходимлари ҳам, қизча ҳам ҳалок бўлади.