АҚШда Маргарет Ҳамилтон 90 ёшда вафот этди – у NASA’нинг «Апполон» космик дастуридаги илк аёл дастурчи бўлганди. У Ой дастури учун кодларнинг улкан жилдлари билан тушган сурати орқали кўпчиликка таниш.

Ҳамилтон хоним Массачусетс технология институтида (MIT) юз кишилик дастурчилар жамоасини бошқарган. Уларнинг «Аполлон» миссияси учун дастурий таъминоти астронавтлар Нил Армстронг ва Базз Олдринга 1969 йил Ойга хавфсиз қўнишни амалга оширишига ёрдам берган.
Ҳамилтон 1969 йилдан 1972 йилга қадар бўлган даврда Ойга қўниш бўйича олтита миссия устида ишлаган. Шу давр мобайнида унинг дастурий таъминот ишида бирорта хатолик қайд этилмаган. Кейинчалик Ҳамилтон дастурларидан Американинг Skylab номли илк космик станциясини яратишда ва космик шаттлларни ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичларида фойдаланилган.
Ҳамилтон 1936 йил Индиана штатида туғилган. У математика бўйича бакалавр даражасини олади, кейин турмушга чиқиб, Кембрижга кўчиб ўтади ва қиз фарзанд кўради. У оилани боқишда турмуш ўртоғига ёрдам бериш учун MIT’га ишга киради: Маргарет ҳам, унинг турмуш ўртоғи ҳам ўқишни давом эттириш учун стипендия олганди, шунинг учун уларнинг бири ўқиётганида иккинчиси ишлаши талаб этилади. Дастлаб Маргарет ишга киради.
У аввалига об-ҳавони прогнозлаш учун дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланган, «Аполлон» лойиҳаси учун мутахассислар қидирилаётгани ҳақида эса газетадан билиб қолган. Ўзининг сўзларига кўра, у нафақат биринчи аёл, балки жамоадаги илк дастурчи ҳам эди. Бироз вақт ўтиб у бошқариладиган космик кемалар учун дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи лавозимигача кўтарилади.
Ҳамилтон лабораторияга кўпинча қизи Лоренни ҳам олиб келарди. Унинг ҳикоя қилишича, кунлардан бир куни Лорен тугмани босиб, тасодифан парвоз симуляциясини ишга туширган, кейин эса навигация маълумотларини ўчириб юборган – дастур авариявий тарзда якунланган.
Ҳамилтон бундай хато реал ҳаётда ҳам рўй бериши мумкин, деган қарорга келади, аммо MIT ва NASA раҳбарияти дастурни ўзгартиришдан бош тортишади – уларнинг фикрича, профессионал астронавтлар ҳеч қанақасига ёш боланинг хатосини такрорламаган бўларди. Якунда эса 1968 йил «Аполлон-8» парвози вақтида астронавтлардан бири худди Лорен каби тасодифан тугмани босиб юборади. Шундан кейин Ҳамилтоннинг таклифларига эътибор билан муносабатда бўла бошлашади.















