Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, хориждан туриб амалга ошириляпти. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов 7 октябр куни аҳолига қилган мурожаатида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, фирибгарлар асосан одамларнинг соддалиги, бепарволиги ва рақамли саводхонлиги етарли эмаслигидан фойдаланади. Шу сабабли ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари ва бошқа фуқаролар яқинларига киберхавфсизлик қоидаларини тушунтириб бориши керак.
Рамазон Ашрапов бир қатор жиҳатларга эътиборли бўлишга чақирди:
ижтимоий тармоқлар орқали юборилган шубҳали ва номаълум файлларни, айниқса APK форматидаги файлларни очмаслик ва юклаб олмаслик тавсия қилинди. Бундай файл таниш ёки яқин инсон номидан юборилган тақдирда ҳам эҳтиёт бўлиш керак;
турли идоралар ходими сифатида таништириб, код ёки парол сўрайдиган номаълум рақамлардан қўнғироқ қилганларга ишонмаслик;
қисқа вақт ичида киритилган маблағни бир неча баравар кўпайтиришни ваъда қиладиган онлайн ва сохта платформалардан эҳтиёт бўлиш;
интернет орқали савдо қилишда сотувчининг ишончлилигини текширмасдан туриб олдиндан тўловни амалга оширмаслик;
банк картасининг PIN коди ва телефонга келган SMS кодни ҳеч кимга айтмаслик.











