Экология ва иқлим ўзгариш қўмитаси Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудида дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ва Бўстонлиқ туман бўлими Экополиция ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш давомида «Ғазалкент» МФЙ ҳудудда «Y.D.» МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида жами 586 туп (шундан қимматбаҳо 9 туп дўлана, 3 туп арча, кам қимматли 3 туп тоғ олчаси, 571 туп учқат) дарахт ноқонуний равишда илдиз қисми билан қўпориб ташлангани аниқланган.
Хабарда ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилингани, аммо тадбиркор қонуний талабга бўйсунмай, қаршилик кўрсатишга урингани таъкидланган.



«Айни дамда Экополиция томонидан ҳуқуқбузарликка чек қўйилди. Махсус техникалар ёрдамида тупроқ остида қолган дарахтлар чиқариб олиниб, табиатга етказилган зарар ҳисобланди. Унга кўра, қонунбузарлик натижасида жами 1 миллиард 705 миллион 660 минг сўм зарар етказилгани ҳисобланди», – дейилади қўмита хабарида.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.















