— Ўтган уч йил ичида Исроил ўз душманларини заифлаштирди. Аммо нега Яқин Шарқ хавфсизроқ бўлмади?
Шавкат Икромов: Умумий нуқтайи назардан қараганда, Яқин Шарқ хавфсизроқ бўлгани йўқ. Аммо вазиятга Исроил нуқтайи назаридан қарасак, 2023 йил 7 октябрдан кейинги даврда Исроил ўзига таҳдид солаётган асосий кучларнинг катта қисмини заифлаштиришга муваффақ бўлганини кўриш мумкин.
Биринчи навбатда, Ҳамас масаласига тўхталиш керак. Исроил армияси маълумотларига кўра, Ҳамаснинг сон жиҳатдан салоҳияти кескин камаймаган бўлиши мумкин, аммо унинг самарали уруш олиб бориш қобилияти анча заифлашган. Иккинчи асосий куч – “Ҳизбуллоҳ”. У Исроил учун асосий хавфлардан бири ва Эроннинг муҳим проксиларидан ҳисобланади. Бироқ “Ҳизбуллоҳ” ҳам ҳозир кенг кўламли уруш олиб бориш имкониятига эга эмас. Исроил бу гуруҳга қарши жуда жиддий ҳарбий амалиётлар ўтказиб, унинг салоҳиятини сезиларли даражада пасайтирди.
Шундан кейин Ливандаги вазият ҳам ўзгарди. “Ҳизбуллоҳ” заифлашгач, Исроил Ливанда анча эркин ҳаракатлана бошлади. Халқаро ҳамжамиятнинг эътироз ва чақириқларига қарамай, Исроил Ливан ҳудудида ўз ҳарбий имкониятларини кенгайтирди.
Яна бир муҳим йўналиш – Сурия. Исроил айрим даврларда друзларни қўллаб-қувватлаш важидан Жўлон тепаликлари ва унинг атрофида эркинроқ ҳаракат қилди. Энг муҳими, Сурияда Исроил билан муроса қилиш ёки маълум шартлар асосида келишишни истайдиган ҳукумат шаклланди.
Тарихий нуқтайи назардан қарасак, Исроил учун минтақадаги асосий хавф марказлари вақт ўтиши билан ўзгариб келган. 1979 йилгача Миср Исроил учун асосий рақиблардан бири эди. Миср билан тинчлик келишуви тузилгач, бу муаммо Исроил учун етарлича ҳал қилинди. Кейинчалик Ироқ ва Сурия каби давлатлар хавф манбайи сифатида кўрилди. Ироқдаги режимнинг қулашидан кейин бу йўналиш ҳам ўзгарди. Энди Сурияда ҳам Исроил билан келишишга тайёр ҳукумат мавжуд.
Бугунги вазиятда Исроил учун энг катта қарама-қаршилик сақланиб қолаётган давлатлар – Эрон ва Туркиядир. Шу маънода, Исроил ўз чегараларидан Ямангача бўлган кенг ҳудудда ўзи учун маълум даражада хавфсизлик ҳалқасини шакллантира олди, дейиш мумкин. Албатта, бу хавфсизлик ҳалқаси қанчалик мустаҳкам экани ва қанча вақт сақланиб қолиши очиқ масала. Аммо 2023 йил 7 октябргача Исроил томонидан асосий хавф сифатида кўрилган гуруҳларнинг аксарияти бугун аввалгидек ҳарбий қудратга эга эмас. Шу сабабли улар Исроил учун олдингидек хавф манбайи бўлиб қолмаган.
Бу ерда Иброҳим келишувларини ҳам ҳисобга олиш керак. Келишувлар жараёни яхши кетаётган бир пайтда, 7 октябр воқеалари юз берди. Исроил учун жараённинг энг муҳим босқичи Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштириш эди. Исроил бундан катта умид қилган ва Саудия билан келишув бутун араб дунёси билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига ишонган. Бироқ Саудия Арабистони 7 октябрдан кейин Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга фақатгина Фаластин давлатчилиги йўлида аниқ қадамлар ташланган тақдирдагина рози бўлишини билдирган.












