27 октябр куни Исроилдаги парламент сайловларида мамлакатдаги 7,33 миллион сайловчидан 5,69 миллиондан ортиғи қатнашди. Умумий фаоллик 77,7 фоизни ташкил этди. Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) дастлабки расмий ҳисобига кўра, участкаларнинг 98 фоизидаги овозлар саналганда икки араб партияси «Ra’am» ва «Қўшма рўйхат» биргаликда 783 мингдан ортиқ овоз, яъни ҳақиқий овозларнинг 15,3 фоизини олган. Reuters ва CNN ҳисоб-китобларига кўра, бу 120 ўринли парламентда 19 ўринга тенг. Исроил давлати тарихида араб партиялари Кнессетда ҳеч қачон бунчалик кўп ўрин олмаганди.

Натижа ҳали якуний эмас: асосан ҳарбийлар, дипломатлар, маҳбуслар ва касалхонадаги беморлар берган «икки конвертли» овозлар саналмоқда. Расмий натижалар 4 ноябргача эълон қилиниши керак.

Нега бу натижа тарихий ҳисобланади?

Олдинги рекорд 2020 йилда тўртта араб партияси ягона Қўшма рўйхат бўлиб қатнашганда олинган 15 ўрин эди. Шунингдек, 2020 йилги рекорд сайловда Қўшма рўйхат 581,5 минг овоз олганди. Бу сафар икки рўйхат 780 мингдан ортиқ овоз тўплади. New York Times’нинг ёзишича, эҳтимол, бу Исроил давлати ташкил топганидан бери араб партиялари олган энг катта овоздир.

Халқаро нашрлар келтирган дастлабки баҳоларга кўра, араб фуқароларининг фаоллиги қарийб 80 фоизга етди. Исроил демократия институти (IDI) маълумотига кўра, бу кўрсаткич 2021 йилда 44,6 фоиз, 2022 йилда эса 53,2 фоиз бўлганди. Бу тахминан ярим асрдаги энг юқори даража.

Нетаняҳу блоки 53, собиқ Бош штаб бошлиғи Гади Айзенкот бошчилигидаги мухолифат блоки 48 ўрин олмоқда; ҳеч бири 61 ўринлик кўпчиликка эга эмас. Бу эса қоғозда араб партияларини ҳукумат тақдирини ҳал қилувчи кучга айлантиради. Шу боис араб партияларининг натижаси сайловнинг энг катта кутилмаган воқеаси, деб аталмоқди.

Исроилдаги араб озчилиги: улар кимлар?

Араб партияларининг кучини тушуниш учун аввал улар таянадиган жамиятнинг ўзига назар ташлаш керак. Исроил Марказий статистика бюроси