«5 дақиқа»нинг навбатдаги сонида Шарл Луи Монтескенинг «Қонунлар руҳи ҳақида» деб номланган китобини шарҳлашни ният қилдик.

Монтеске бу асарда файласуф, ҳуқуқшунос ва сиёсий мутафаккир сифатида давлат, жамият, қонун ва инсон эркинлиги ҳақида мулоҳаза қилади. Ушбу қимматли китоб ўзбек тилига сиёсатшунос Ҳамид Содиқ томонидан таржима қилинди.

Китобдан одатдаги қаҳрамонлар, кескин бурилишлар ва сирли воқеаларни изламанг. Бу ерда бош қаҳрамон – ҳокимият, асосий тўқнашув эса эркинлик билан мутлақ ваколат ўртасида кечади.

Асарда ҳокимиятни чеклаш ҳақида сўз боради. Монтеске инсон табиатини яхши билган мутафаккир сифатида бир хавфга эътибор қаратади: ҳокимият қўлидаги ваколат чексиз бўлса, уни суиистеъмол қилиш эҳтимоли ҳам ортади. Шунинг учун жамият эркинлиги фақат раҳбарнинг яхши инсон эканига боғлиқ бўлмаслиги лозим. Ҳокимиятни назорат қиладиган, унинг ўзбошимчалигини чеклайдиган тизим ҳам ишлаши керак.

Монтескега кўра, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари бир қўлда жамланса, ҳақиқий даҳшат бошланади. Эркинлик хавф остида қолади. Чунки бундай вазиятда ҳокимиятнинг ўзини назорат қилиш имконияти деярли йўққа чиқади. Тизим ёки шахс ўзини тийиб туриши, фаолиятига танқидий кўз билан қараши доим ҳам осон эмас.

Оддийроқ айтганда, имтиҳон саволларини тузган одамнинг ўзи жавобларни текшириб, ўзига баҳо қўйса, натижага қанчалик ишонган бўлардингиз? Албатта, бу давлат бошқаруви билан бир хил эмас, аммо ваколатларни ажратиш нима учун кераклигини тушунишга ёрдам берадиган кичик мисол.

Муаллиф инсон ўз ҳуқуқларига ишониб яшаши, қонун билан ҳимояланиши ва ҳокимиятнинг ўзбошимчалигидан қўрқмаслигига урғу беради. Қонун фуқарони чеклаш воситасигина бўлмасдан, уни ҳимоя қилиш кафолатини ҳам таъминлаши лозим.

Бироқ ҳамма нарсада ҳокимиятни айблашга шошилманг. Монтеске фақат ҳокимият ҳақида ёзмайди. У нима учун турли мамлакатларда қонунлар бир-биридан фарқ қилишини ҳам тушунишга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, қонунлар тарих, урф-одатлар, иқтисодий шароит, дин, турмуш тарзи ва бошқа омиллар билан боғлиқ. Демак, бир мамлакатда иш берган қоида бошқасида худди шундай натижа бермаслиги мумкин. Қонунни эса жамиятдан узиб олиб ўрганиб бўлмайди.

Бугун ҳам қонунлар қабул қилиняпти. Янги қарорлар чиқади. Турли идоралар ўз ваколатларини амалга оширади. Аммо ҳар қандай жамият учун муҳим саволлар ўзгармай қолаверади. Яъни қонун олдида ҳамма тенгми? Фуқаронинг ҳуқуқлари бузилса, у кимдан ҳимоя излайди? Ҳокимият ўз хатосини тан олишига ва уни тузатишига қандай шароит яратилган? Суд ҳақиқатан ҳам қонунга таяниб қарор чиқариши учун нималар керак?