Россия Ички ишлар вазирлиги илғор ривожланиш ҳудудларида (ИРҲ) банд бўлган хорижий ишчиларни рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича имтиҳондан озод қилишни таклиф этди. Гап, жумладан, Узоқ Шарқ ва Арктикадаги ҳудудлар ҳақида бормоқда. Тегишли қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида эълон қилинди.
Амалдаги тартибга кўра, хориж фуқаролари ишлаш учун рухсатнома олиш мақсадида, одатда, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларини билишини имтиҳонда тасдиқлаши шарт. ИИВ ушбу талаб бўйича мавжуд истисноларни ИРҲ резиденти бўлган корхона ходимларига ҳам татбиқ этишни таклиф этмоқда.
Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, илғор ривожланиш ҳудудлари моношаҳарларда, ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда, Узоқ Шарқ ҳамда Арктика зонасида ташкил этилади. Хусусан, Узоқ Шарқда бундай ҳудудларнинг 16 таси фаолият юритмоқда, яна иккитаси эса Арктикада жойлашган.
Қонун лойиҳасида қайд этилишича, таклиф этилаётган чора инвестицияларни жалб қилишни осонлаштириши ва ушбу ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тезлаштириши лозим.
Аввалроқ Россия ҳукумати рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларини билишини тасдиқлаш талабидан истиснолар рўйхатини кенгайтирган эди. 2025 йил май ойида ҳукумат Давлат думасига Вазирлар Маҳкамасининг махсус квотаси доирасида ишлашга рухсат олган чет элликларни имтиҳондан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритган. Июль ойида ушбу ҳужжат якуний, учинчи ўқишда қабул қилинди.
Россияда қонуний мақомга эга бўлишни истаган чет элликлар учун имтиҳонлар 2015 йилдан буён ўтказилмоқда. Улар учта модулни ўз ичига олади: рус тили (чет тили сифатида), Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асослари. Имтиҳон уч даражали мураккабликда бўлади: энг соддаси — меҳнат патентини олиш учун, иккинчиси — вақтинча яшаш рухсатномасини (РВП) расмийлаштириш учун ва энг мураккаби бўлган учинчиси — яшаш гувоҳномасини (ВНЖ) олиш учун мўлжалланган.














