«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Владивосток ва Хабаровск шаҳарларида вақтинчалик меҳнат фаолияти давомида оғир моддий аҳволга тушиб қолган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга қайтарилган. Улар орасида тўрт фарзанди билан қийин вазиятда қолган фуқаро ҳам бўлган.

Агентлик маълумотига кўра, мазкур фуқаро Россияда бўлиш қоидаларини бузгани сабабли маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тўхтатилган.

Суд қарорига мувофиқ, уни Россиядан депортация қилиш ҳамда жўнатиб юборилгунига қадар чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштириш белгиланган эди.

Бош консулхона ва Миграция агентлиги кўрган тезкор чоралар натижасида фуқароларнинг Ўзбекистонга хавфсиз қайтиши таъминланган.