Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 14 октябрь куни имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (47.3-моддаси) ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, энди никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 бараваридан 15 бараваригача — 4,4 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади. Илгари энг юқори жазо чораси БҲМ 10 бараварини ташкил этар эди.
Шунингдек, вояга етмаган фуқароларни турмушга берганлик ёки уйлантирганлик учун ҳам жарималар ошди. Янги қонун қабул қилингунга қадар айбдорлар БҲМ 15 бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши мумкин эди, энди эса БҲМ 20 бараваридан 25 бараваригача — 8,8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача оралиқда жарима белгиланди.
Ниҳоят, ФҲДЁда тегишли тартибда қайд эттирмай диний маросим (шаръий никоҳ) ўтказганлик, жумладан, 18 ёшга тўлмаган фуқаролар ўртасида шундай никоҳ тузганлик учун БҲМ 30–50 баравари миқдорида — 13,2 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача молиявий жазо кўзда тутилган. Илгари бу жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмас эди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан қўлланган жарима суммасининг 15 фоизи ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсга тўлаб берилиши тартиби амал қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам 18 ёш этиб белгиланган. Фақат айрим ҳоллардагина давлат органлари бу чегарани бир йилга қисқартириши мумкин. Ҳомиладорлик ёки фарзанд туғилиши каби ҳолатлар узрли сабаблар сирасига киради.














