Ҳусийчилар етакчиси

Яман ҳусийчиларининг ҳарбий, диний ва сиёсий раҳбари Абдулмалик ал-Ҳусий (1979 йилда туғилган) исломшунос олим Бадр ад-Дин ал-Ҳусийнинг ўғли бўлиб, ҳаракатга 2004 йилдан бери раҳбарлик қилиб келмоқда.

Абдулмалик ал-Ҳусийнинг келиб чиқиши Ямандаги ал-Ҳусий сулоласига бориб тақалади. Бу сулола вакиллари «саййидлар», яъни Муҳаммад пайғамбар авлодлари сифатида эътироф этилади. Улар «ҳошимийлар», «ашроф» ва «аҳли байт» — «Пайғамбар хонадони аҳли» деб ҳам аталади.

Абдулмалик ал-Ҳусий ҳусийчилар назоратидаги давлат тузилмаларида ҳеч қандай расмий лавозимда эмас, лекин «қоид ас-саура» («инқилоб раҳбари») унвонига эга. Унинг ваколатлари Эрондаги олий раҳбар ваколатларига қиёсланади.

Ҳаракат раҳбариятида Абдулмалик ал-Ҳусийнинг ака-укалари, жиянлари ва бошқа қариндошлари муҳим ўрин эгаллайди. Улар орасида Яҳё ва Абд ал-Холиқ ал-Ҳусий, амакиси Абдулкарим ал-Ҳусий, жияни Муҳаммад Али ал-Ҳусий, куёви Юсуф ал-Маданий ва бошқалар бор.

Ҳусийчиларнинг мақсади

Ҳусийчилар ҳаракати ривожланиши баробарида унинг мақсадлари ҳам ўзгариб борган. 2004–2010 йилларда улар Яманнинг зайдийлар яшайдиган вилоятларида диний ва сиёсий мухториятга эришишни кўзлаган. 2014 йилда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин эса уни мустаҳкамлаш ва бутун мамлакат бўйлаб назоратни кучайтиришга интилган.

2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция қўшинлари Яманга кирганидан кейин ҳусийчилар Яманни бирлаштириш ва мамлакатни хорижий кучлардан, биринчи навбатда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда уларнинг яманлик иттифоқчиларидан озод қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Бу эса амалда улар билан рақобатлашаётган барча ҳарбий-сиёсий кучлар билан душманлик муносабатини англатади. Улар қаторига Президент раҳбарлик кенгаши, Жанубий ўтиш кенгаши ва мамлакат ғарбидаги ҳусийчиларга қарши қуролли гуруҳлар киради.

2019 йилда қабул қилинган дастурда дунёвий ва республика тамойилларига асосланган, плюралистик ва демократик Яман давлатини қуриш мақсади эълон қилинган. Бироқ бу дастур ҳаракатнинг амалдаги сиёсий фаолиятидан анча фарқ қилади. Ҳусийчилар мамлакат ва жамиятни ўзларининг диний-мафкуравий қарашларига мувофиқ қайта ташкил этиш билан шуғулланади.