Одамлар бахтли яшайди. Аммо уларнинг оиласи йўқ, болалари табиий туғилмайди, севги эса жамият учун кераксиз туйғуга айланган. Улар ота-она деган тушунчанинг устидан кулишади. Энг қизиғи, ҳеч ким бундан норози эмас. Чунки бу дунёда одамлар қандай яшашини ўзлари танламайди. Олдос Хакслининг «Ажиб янги дунё» романи мана шундай жамият ҳақида ҳикоя қилади. 5 дақиқанинг навбатдаги сонида азал чегараларига яқинлашмоқчи бўлган жамиятнинг фожиаси ҳақида гаплашамиз.

Романдаги келажак жамият – «Дунё давлати» деб аталади. Бу ерда одамлар онадан туғилмайди. Болалар махсус лабораторияларда етиштирилади. Кимдир «алфа» тур сифатида раҳбарликка тайёрланади, кимдир оддий меҳнат қиладиган табақага мослаштирилади. Яъни одам аввал туғилиб, кейин ўз йўлини топмайди. Аввал унинг қандай одам бўлиши кераклиги ҳал қилинади, кейин ўша одам яратилади.
Қизиғи, одамлар бунга қарши эмас. Чунки уларнинг онги ҳам болалигиданоқ шакллантириб қўйилган. Ким бўлишни, нимани яхши кўришни, нимадан қўрқишни ўзлари танламайди. Жамият улар учун бу ишни аллақачон қилиб қўйган.
Бу жамиятда оила, ота-она деган сўзлар эски ва ҳатто уятли нарсадек қабул қилинади. Одамлар бир-бирига чуқур боғланиб қолмаслиги керак. Чунки кучли муҳаббат, садоқат, рашк ва айрилиқ каби туйғулар одамни издан чиқариши мумкин. Бу давлатга эса издан чиқмайдиган одамлар керак эди.
Агар кимдадир озгина қайғу ёки шубҳа уйғонса, давлат томонидан бепул тарқатиладиган наркотик – «сома» деб номланувчи дорини ичади ва зудлик билан сохта бахт оламига қайтади. Бу дунёда китоб ўқиш, диний эътиқод ёки ёлғиз қолиш тақиқланган, чунки булар барқарорликка таҳдид солади.
Бу жамият муаммони ҳал қилишдан кўра, уни ҳис қилмасликни танлаганди.
Романда Бернард Маркс деган қаҳрамон бор. У ҳам Алфа авлод, лекин бу мукаммал жамиятда ўзини бегона ҳис қилади. Атрофидагилар ҳамма нарсадан мамнун, Бернард эса «нега» деган саволни беришдан тўхтамайди. Баъзан битта «нега»нинг ўзи одамни бутун тизимга бегона қилиб қўйиши мумкин.
Бу ғалати жамиятга «ёввойилар ҳудуди»да катта бўлган Жон исмли йигитни олиб келишади. Ёввойилар жамияти Дунё давлатига кирмасди. У ерда одамлар ҳали ҳам табиий туғилади, қарийди, касал бўлади, ўлади, севади, рашк қилади, жанжаллашади ва йиғлайди. 
Ёввойи Жон Шекспирни ўқиб ўсган. Шунинг учун у муҳаббатнинг ҳам, фожианинг ҳам нархини билади. У учун инсон ҳаёти фақат роҳатдан иборат эмас. Севги дегани ҳам истаган пайтингизда алмаштириб қўядиган кўнгилочар нарса эмас. Унда вафо, рашк, қурбонлик бор, ҳатто азоб ҳам бор.
Бернард Жонни Дунё давлатига олиб келганида, ҳамма уни томошабоп қизиқ мавжудот сифатида қабул қилади. Жон эса аксинча, уларнинг ҳаётидан ҳайратга тушади. У Ленинани яхши кўриб қолади, аммо Ленинанинг муҳаббат ҳақидаги тушунчаси билан Жоннинг ўйлаганлари бутунлай бошқа-бошқа нарсалар эди.
Дунё давлати инсонни азобдан қутқаришга уринарди. Жон эса инсон азобсиз инсон бўлиб қололмаслигини англатмоқчи бўлади.
Чунки қайғуни йўқотсангиз, шодликнинг қадри ҳам ўзгаради. Танлаш имкони бўлмаса, тўғри қарорнинг қадри қолмайди. 
Ёзувчига кўра, инсонни бошқариш учун уни доим ҳам қўрқитиш шарт эмас. Унга етарлича роҳат берсангиз кифоя.
Биз ҳозирча «Ажиб янги дунё»да яшамаётгандирмиз. Лекин Хаксли тасвирлаган айрим эшиклар аллақачон очилиб бўлган. Технология инсон ҳаётига тобора чуқур киряпти. Туғилиш, ирсият, ташқи кўриниш, қобилият ва инсон танаси билан боғлиқ имкониятлар ҳақидаги илм кун сайин кенгаймоқда. Илмнинг ўзи ёмон эмас. Аксинча, илм инсонга берилган улкан неъмат. Аммо имкониятнинг кўпайиши азал чегараларни бузиб ўтмаслиги керак
Чунки бир куни инсон “касалликни енгамиз” деган яхши ниятдан “қандай инсон туғилиши кераклигини ҳам ўзимиз белгилаймиз” деган нуқтага ўтиб кетиши мумкин. Аллоҳнинг чегараларини унутиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Агар сиз бугун ўз фикрларингиз, танловларингиз ва туйғуларингиз ҳақиқатан ҳам ўзингизга тегишлими ёки аллақачон замонавий тизим томонидан бошқариляптими, деган саволга жавоб топмоқчи бўлсангиз, ушбу китобни бугуноқ топиб, тўлиқ ўқиб чиқишингиз шарт. Бу асар сизнинг дунёқарашингизни бутунлай ўзгартириб юборади ва сизни ўзингиз англамаган ҳолда тушиб қолган ғафлат уйқусидан уйғотади.