«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, бу масалалар Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги вакилларининг Ericsson раҳбарлари билан онлайн учрашувида кўриб чиқилган.
Музокараларда компаниянинг Жанубий Европа ва Евроосиё бўйича раҳбари Андреа Миссори ҳамда Марказий Осиё ва Озарбойжон бўйича раҳбари Айдин Абжанбеков иштирок этган.
Ericsson вакиллари Ўзбекистонни стратегик жиҳатдан муҳим бозорлардан бири деб билишини ва мамлакатдаги фаолиятини ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган. Ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишлари қаторида 5G тармоқлари, радиоалоқа тизимлари ва таянч телекоммуникация инфратузилмасини янгилаш қайд этилган.
Компания мобил тармоқлар учун аппарат ва дастурий ечимлар, рақобатбардош тижорий шартларни таклиф қилишга тайёрлигини маълум қилган. Зарурат бўлса, халқаро молия институтларини жалб этган ҳолда молиялаштириш механизмлари ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон томони мамлакат телекоммуникация бозори хорижий компаниялар ва инвесторлар учун очиқ эканини таъкидлаган.
Келишувга кўра, 2026 йил охиригача Ericsson делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиб, тегишли вазирликлар ва маҳаллий мобил операторлар билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
















