Президент Шавкат Мирзиёев 17 октябр куни Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қабул қилди.
Ўзаро мулоқот давомида Ўзбекистоннинг мазкур нуфузли спорт ташкилоти билан самарали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Ўзбекистонда ҳаваскор ва профессионал футболни қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва ўқитиш базасини барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юқори баҳолади.
Футбол академияларини биргаликда ривожлантириш ҳамда “Ҳар бир маҳаллада футбол майдончаси” дастури доирасида ёшларни футболга кенг жалб этишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Йирик футбол тадбирлари, жумладан, аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги чемпионатларни ташкил этиш ва ўтказиш, спортчилар ҳамда мураббийлар таркибини тайёрлашда услубий ёрдам кўрсатиш, истеъдодли футболчиларни саралаш каби йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
















