Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд давомида “Нива Легенд” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганида машина юкхонасида 8 та қопда бир бош айиқ ва 3 бош ёввойи чўчқанинг тана бўлаклари топилган.
Шунингдек, машинада беш дона турли русумдаги стволли ов қуроллари, ўқ-дорилар, дурбинлар, овоз пасайтирувчи мосламалар (глушител), пичоқлар, фонарлар, болта ва бошқа буюмлар борлиги аниқланган.
Ҳуқуқбузарлар томонидан Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудида Қизил китобга киритилган Тян-Шан қўнғир айиғи ва 3 бош тўнғиз ноқонуний овланганлиги натижасида ҳайвонот дунёсига 679 млн 800 минг сўм моддий зарар етказилган.
Хабар қилинишича, ов қуроллари, ўқ-дорилар, рухсатномалар ва овчилик гувоҳномалари вақтинча сақлаш учун Самарқанд вилояти ИИБга топширилган, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
















