Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ғишт ишлаб чиқарувчи «S.M.» корхонасида экологик талабларга риоя этилиши юзасидан назорат-рейд тадбири ўтказилди.
Ўрганиш давомида корхона атмосферага юқори даражада чанг-газ чиқаётгани аниқланиб, фаолияти вақтинча тўхтатилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Андижон вилоятида оҳак ва ғишт ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган тутун ҳамда чанг сабабли нафас олиш қийинлашаётгани ҳақида фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.
Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси мазкур мурожаатлар асосида ушбу корхоналарда ўрганиш ва назорат тадбирлари ўтказди. Корхоналарда ўрнатилган чанг ва газ тозалаш ускуналарининг самарадорлиги ўрганилиб, лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинди.
Бундан ташқари, ҳудудларда аниқланган 2 та қўлбола оҳак пишириш ўчоғи бартараф этилиб, қонуний чоралар кўрилди.

















