Бу маблағлар ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, фермерларнинг иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиши учун зарур молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабарига кўра, дастур Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Дастурнинг Ўзбекистонда кутилаётган натижалари:

  • 342 минг нафар аҳолининг иқлим хавфларига чидамлилигини ошириш (уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади);

  • 164 минг гектар ўрмон, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларида иқлим ўзгаришига чидамли бошқарув усулларини жорий этиш;

  • иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш ва уларнинг ютилишини ошириш орқали 1,07 миллион тонна CО₂ эквивалентидаги натижага эришиш.

CLiCA дастурининг амалга оширилиши Марказий Осиё мамлакатларининг умумий экологик ва иқлим муаммоларини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имконини беради. Бунда табиий экотизимларни сақлаш, ер ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига энг заиф маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

“Ушбу дастурнинг маъқулланиши янада барқарор ҳамжамиятлар ва ландшафтларни шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан биргаликда умумий мақсадимизни Марказий Осиё аҳолиси ва табиати учун узоқ муддатли натижага айлантиришни кўзлаяпмиз”, – деди GIZ вакиллари.

Экология қўмитасининг қайд этишича, CLiCA дастури Ўзбекистоннинг иқлим соҳасидаги устувор вазифаларини амалга оширишга хизмат қилувчи қўшимча воситага айланади. Жумладан, деградацияга учраган ерларни тиклаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби йўналишларни қўллаб-қувватлайди.