Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига мувофиқ, пойтахтнинг тўртта участкасида марказий кўчалар таъмирланиб, автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади.
Қайд этилишича, мутахассислар жамоат транспорти йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 километрдан ортиқ бўлган йўл қисмларини таҳлил қилиб чиқишган.
Таҳлил натижаларига кўра, қарийб 18 километрлик қисмда ишларни бошлаш тавсия этилган бўлиб, лойиҳага қуйидаги тўртта йўналиш киритилган:
Муқимий кўчаси — Яшнобод ва Чилонзор туманлари ҳудудидаги 4,6 км қисми;
Қоратош ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманидаги 4,2 км қисми;
Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 2,8 км қисми;
Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманидаги 6,3 км қисми.
Маълум қилинишича, ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун бюджет шакллантирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу мақсадлар учун тахминан 6,5 миллиард сўм талаб этилади. Харажатларни Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.
Лойиҳаларнинг буюртмачиси “Тошкент инвест компанияси” АЖ бўлиши кутилмоқда. Таъкидланишича, лойиҳалаш ташкилотлари, пудратчилар ҳамда техник назорат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади.
Қурилиш ишлари бошланишидан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал инфратузилма тармоқлари кўрикдан ўтказилади ва носозликлар аниқланган тақдирда, тармоқлар белгиланган тартибда таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади. Шунингдек, ишлар давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликларнинг олдини олиш чоралари ҳам кўзда тутилган.
















