Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳридаги ноқонуний қурилган кўп қаватли уйлар сони бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги муҳокама давомида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг жавобида Тошкент шаҳридаги ноқонуний қурилган кўп қаватли уйлар сони 720 та деб келтирилган.

Вазирликнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида жами 320 дан ортиқ ноқонуний қурилиш объекти аниқланган. Мазкур кўрсаткич турли тоифадаги бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги хонадонлар ва кичик объектларни (дўкончалар, савдо киосклари, кичик павильонлар ва бошқа қурилишлар) қамраб олади. Муҳокамада назарда тутилган кўп қаватли уйлар сони 61 тани ташкил этади.

“Биз томонимиздан тақдим қилинган жавобда умумий қурилиш объектлари сони кўп қаватли уйлар сони сифатида келтирилган. Ушбу хатолик учун узр сўраймиз”, дейилади вазирлик томонидан.

Аввалроқ пойтахт ҳокимлиги қурилиш масалалари бўйича котибият мудири Жасур Каримов Kun.uz’га Тошкент шаҳрида ўтказилган сўнгги инвентаризация натижасида 70 дан ортиқ объектда 173 та кўп қаватли уйда қурилиш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланганини маълум қилганди.