Германия ҳукумати интернетда болаларни ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни режалаштирмоқда.

Таклифлар орасида 13 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш, ўсмирлар учун чекловлар жорий этиш ва бошланғич синф ўқувчиларига сунъий интеллект бўйича махсус таълим дастурини ишлаб чиқиш каби чоралар бор. Вазирлар маҳкамаси ислоҳотнинг асосий қоидаларини маъқуллаган, аммо якуний қонунлар ҳали қабул қилинмаган.

Германия Европа Иттифоқи даражасида ягона қоидалар жорий этилгунига қадар ўз чекловларини ўрнатишни кўзда тутмоқда. Бунда болалар учун мўлжалланган махсус платформаларга истисно тариқасида рухсат берилиши мумкин. 13 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун босқичма-босқич чекловлар назарда тутилмоқда, бироқ улар ҳозирча аниқ белгиланмаган.

Ҳукумат, шунингдек, платформаларга дастлабки босқичданоқ болалар хавфсизлигини ҳисобга олиш мажбуриятини юкламоқчи. Жумладан, алгоритмлар асосидаги тавсияларни стандарт ҳолатда ўчириб қўйиш ва қарамлик келтириб чиқарувчи функцияларга қарши курашиш таклиф этилмоқда. Бундай функциялар қаторига лентани чексиз айлантириш ва видеоларни автоматик равишда ижро этиш киради.

Яна бир ташаббус «CИ-Seepferdchen» дастури бўлиб, унда бошланғич синф ўқувчиларига сунъий интеллект иловаларини таниш, уларнинг имкониятлари ва хавф-хатарларини англаш ҳамда улардан онгли равишда фойдаланиш ўргатилади.

Чекловлар қачон кучга кириши номаълум. Bitkom сўрови маълумотларига кўра, Германия аҳолисининг 79 фоизи болалар учун «CИ-Seepferdchen» дастури ғоясини фойдали деб ҳисоблайди.