Судья Ариана Фахардо Оршан 1996 йилда инсонпарварлик ёрдами ортилган иккита самолётнинг йўқ қилиниши иши бўйича Кубанинг собиқ етакчиси Раул Кастрони ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни имзолади. Бу ҳақда Майамидаги NBC6 телеканали хабар берди.
«Қутқарувчи биродарлар» нотижорат ташкилотига тегишли иккита енгил моторли Cessna 337 самолёти 1996 йил февраль ойида Флорида бўғози устида Куба Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уриб туширилган эди. Улар АҚШга етиб олишга уринган кубалик қочқинларни қидириш ва қутқариш операциясида иштирок этган. Ҳодиса оқибатида тўрт киши — уч нафар АҚШ фуқароси ва АҚШда доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган бир нафар Куба фуқароси ҳалок бўлди.
АҚШ талқинига кўра, самолётлар халқаро сувлар устида уриб туширилган. Куба вакиллари эса самолётлар мамлакат ҳаво ҳудудини бузиб кирганини таъкидлаган.
Шу йилнинг 20 май куни АҚШда ҳодиса вақтида мудофаа вазири лавозимида ишлаган Раул Кастро ва яна беш нафар шахсга тўртта қотиллик, иккита ҳаво кемасини йўқ қилиш ҳамда АҚШ фуқароларини ўлдириш мақсадида тил бириктириш бўйича расмий айблов эълон қилинди.
АҚШ учун ушбу ордернинг амалий аҳамияти Раул Кастрони экстрадиция қилишни талаб этиш ва уни Флоридадаги федерал судга олиб келиш учун процессуал асос яратишдан иборатдир. АҚШ бош прокурори вазифасини бажарувчи Тодд Бланшнинг маълум қилишича, расмийлар уни мамлакатга келтириш чораларини кўради ва унинг судга «ё ихтиёрий равишда, ё бошқа йўл билан» келишини кутмоқда.
Ўз навбатида, Куба ҳукумати АҚШ айбловларини «пасткаш ва шармандали сиёсий провокация» деб атаб, Қўшма Штатлар бундай айбловларни илгари суриш учун на қонуний асосга ва на юрисдикцияга эга эканини билдирди.
















