2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида хориж фуқаролари томонидан Россияда содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайиб, қарийб 20 мингтани ташкил этди. Бу ҳақда 10 ноябрь куни Федерация кенгашидаги чиқиши чоғида Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев маълум қилди, деб хабар берди «Коммерсант».
Вазирнинг сўзларига кўра, тўққиз ой ичида Россияга 7 миллионга яқин хорижлик кириб келган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига қараганда 10 фоизга камдир. 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатда 6 миллион мигрант бўлган.
Колокольцев ушбу кўрсаткичларнинг пасайишини миграция назорати кучайтирилгани билан боғлади.
Колокольцевнинг маълумотларига кўра, 2026 йилда Россиядан 120 минг чет эл фуқароси чиқариб юборилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баравар кўп.
Бундан ташқари, Россияга кириши 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга тақиқланган чет элликлар сони қарийб икки баравар ошган. Бундай чекловлар 290 минг кишига дахлдор бўлди.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, назорат остидаги шахслар реестрида 820 минг чет эллик, жумладан, 120 минг нафар вояга етмаган шахс рўйхатда турибди.
Россия ИИВ раҳбарининг сўзларига кўра, 670 мингга яқин хорижлик Россияда яшаш гувоҳномаси ёки вақтинча яшаш рухсатномасига эга.
Шу билан бирга, 2026 йилда ўтган йилгига қараганда бекор қилинган яшаш гувоҳномалари сони беш бараварга, вақтинча яшаш рухсатномалари эса 18 бараварга ошди.
Колокольцев буни, жумладан, Россияда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни олиш мақсадида тузилган сохта никоҳларнинг фош этилиши билан изоҳлади.













