Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Париж тинчлик форумида иштирок этди.

«Париж тинчлик форумида кўпчиликни болалар тақдири ва Самарқандда биз кўтарган масалалар чиндан ўйлантираётганини ҳис қилдим. Аслида тинчлик дегани — ҳар бир боланинг қаерда ва қандай оилада туғилганига қарамай, хотиржам ўқиши, бехавотир улғайиши ва ўз келажагига ишонишидир», деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Париж тинчлик форуми (Paris Peace Forum) — Франция президенти Эммануэл Макрон ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган, ҳар йили ўтказиладиган халқаро платформадир. Форум давлатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини глобал муаммоларни муҳокама қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлик, иқтисодиёт, экология ва технологиялар соҳасида ечимлар излаш учун бирлаштиради.