Beeline Uzbekistan эгаси бўлган VEON гуруҳи Perfectum бренди остида ишловчи Rubicon Wireless компаниясини тўлиқ сотиб олишга келишганини эълон қилди.
Компаниянинг 19 октябрдаги хабарига кўра, битимнинг умумий қиймати тахминан 207 млн доллар. Бу суммага Perfectum’нинг қарийб 93 млн долларлик молиявий қарзларини ўз зиммасига олиш ҳам киради. Харид учун зарур пул маблағлари VEON’нинг мавжуд маблағлари ҳисобидан ажратилади.
VEON битим бўйича тегишли тартибга солувчи органларнинг рухсатлари олинганини билдирди. Харид жараёни октябр ойи охиригача якунланиши кутилмоқда.
Perfectum активлари қаторига 850 ва 3800 МГц диапазонларидаги жами 115 МГц частота ресурси, тармоқ ускуналари ҳамда Nokia технологиялари асосида қурилган мустақил 5G тармоғи киради.
VEON ҳисоб-китобига кўра, харид натижасида Beeline Uzbekistan’нинг частота ресурслари қарийб 50 фоизга ошади. Гуруҳ бу орқали алоқа қамрови ва тармоқ сиғимини кенгайтириш, 5G ҳамда уйлар ва бизнес учун симсиз интернет хизматларини ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Активларни Beeline тармоғи билан интеграция қилиш ҳисобига инвестиция ва операцион харажатларни оптималлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Рақобат қўмитаси эса “Veon” компаниялар гуруҳига кирувчи “VEON Uzb Holding LTD” компанияси томонидан Ўзбекистонда “Perfectum” савдо белгиси остида мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи “Rubicon Wireless Communication” АЖнинг 100 фоиз акцияларини сотиб олиш бўйича аризаси кўриб чиқилгани ва битимга розилик билдирилганини маълум қилди.
Perfectum аввал қандай хусусийлаштирилган эди?
Kun.uz 2024 йил мартида Perfectum хусусийлаштирилгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда корхона ва ташкилотлар реестрида операторнинг юридик шахси — “Rubicon Wireless Communication” МЧЖнинг 100 фоиз улуши тадбиркор Абдумалик Иминовга тегишли экани кўрсатилган.
Компанияни хусусийлаштириш президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги қарорида белгиланган. Ўша вақтда унинг 65 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлигига, 35 фоизи АҚШда рўйхатдан ўтган “Amis Protrade International” компаниясига қарашли бўлган.








