Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Perfectum операторининг 100 фоиз акцияларини VEON гуруҳи томонидан сотиб олиш бўйича битимга шартлар асосида олдиндан розилик берган. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.
Битимга розилик олиш бўйича ариза VEON гуруҳига кирувчи, Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “VEON UZB Holding Ltd” компанияси томонидан берилган. Компания Perfectum савдо белгиси остида ишловчи “Rubicon Wireless Communication” АЖ акцияларини тўлиқ сотиб олмоқда.
“VEON UZB Holding Ltd” Ўзбекистонда Beeline бренди остида хизмат кўрсатувчи “Unitel” МЧЖнинг ҳам 100 фоиз улушига эга.
Қандай шартлар қўйилди?
Қўмитанинг махсус комиссияси таҳлиллар асосида рақобатни таъминлашга қаратилган қуйидаги талабларни белгилаган:
Perfectum камида уч йил давомида алоҳида фаолият юритиши ва 5G Standalone технологияси бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтирилиши керак;
амалдаги абонентлар учун 5G FWA — симсиз кенг полосали интернет тарифлари 12 ой давомида сақланиши, янги абонентларга қулай шартлар яратилиши ва интернетнинг ўртача тезлиги 300 Мбит/с дан пасайтирилмаслиги лозим;
абонентларга шартнома предметига алоқадор бўлмаган шартлар мажбуран юкланмаслиги, уларнинг бошқа мобил операторларга ўтиш эркинлиги чекланмаслиги керак;
абонентлар Beeline ва VEON гуруҳига тегишли рақамли платформалар хизматларидан фойдаланишга мажбурланмаслиги, рақобатчи хизматлардан фойдаланишига тўсқинлик қилинмаслиги лозим;
хизмат кўрсатиш шартлари асоссиз ёмонлаштирилмаслиги ва абонентлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак;
абонентларнинг шахсий ва тижорат маълумотлари ҳимоя қилиниши, улардан рақобатни чеклаш мақсадида фойдаланилмаслиги ҳамда қонунчиликка зид равишда хорижий серверларга узатилмаслиги шарт.
Шунингдек, компания зиммасига “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига риоя қилиш ва бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мажбурияти қўйилган.
207 млн долларлик битим
















