Фаластинлик журналист Мотаз Табаси Kun.uz учун тайёрлаган навбатдаги репортажида Ғазо секторидаги транспорт тизимининг ҳолати – қамал қилинган ҳудудда одамлар қандай ҳаракатланаётгани ҳақида ҳикоя қилади.
Вайрона йўллар, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар танқислиги шароитида сектор ичида ҳаракатланиш учун тиркамалардан кенг фойдаланилмоқда.
Ғазо секторида йўл энди шунчаки босиб ўтиладиган масофа эмас. У одамларнинг ҳар бир қадамига оғир юк бўлиб тушадиган кундалик машаққатга айланган. Кўчирилганлар яшаётган чодирлардан тортиб, вайрон бўлган уйларигача — ҳатто оддий ҳаракатланишнинг ўзи ҳам ҳолдан тойдирувчи сафарга айланган. Бу йўллар одамларнинг соатлаб вақтини олмоқда, беморлар, талабалар ва ишчиларнинг манзилларига вақтида етиб боришига тўсқинлик қилмоқда. Шунга қарамай, одамлар фожиали воқелик ичида ҳаётни давом эттиришга уринмоқда.

Сумайя Ал-Ҳажжар: Илгари Ғазо шаҳрига ярим соатдан ошмай етиб борардим. Ҳозир эса бунга бутун бир кун керак бўлади. Чунки йўллар вайрон бўлган, бир жойдан бошқа жойга бориш жуда қийин. Транспорт ҳам қулай эмас. Олти йўловчига мўлжалланган машинага ўттиз киши чиқади. Машиналардан чиқаётган тутун ҳам бизга зарар қилмоқда, чунки айрим машиналар ёнилғи ўрнига ўсимлик ёғи билан ҳайдалмоқда. Дизель ёки бензин ишлатадиган машиналар эса жуда кам қолган.
Муҳаммад Абу Саблаҳ: Бу кўчанинг аҳволи жуда ёмон. Ҳамма жой чуқур, нотекис ва вайроналар билан тўла. Бу одамлар ва йўловчилар учун хавфли. Мана, қўлбола тиркамали арава ўтиб кетаётганда бир аёл ва унинг ўғли йиқилиб тушди. Бошқа сафар эса бир бола йиқилиб тушган, биз уни ўтиб кетаётган машиналар орасидан қутқаришга мажбур бўлганмиз. Бундай ҳодисалар ҳар куни содир бўлади.
Ҳайдовчилар вайрон бўлган йўлларда машинани зўрға бошқаради. Улар машина бузилиб қолишидан қўрқади, чунки эҳтиёт қисмлар жуда қимматлашган. Баъзан ишлатилган қисмларни ўрнатишга мажбур бўлишади. Бу эса хавфни янада ошириб, йўловчилар хавфсизлигига таҳдид солади. Ёнилғи танқислиги ва минглаб машиналарнинг ишдан чиққани сабабли, автомобилга уланган тиркамалар ёки ҳайвонлар тортадиган аравалар каби оддий транспорт воситалари мажбурий эҳтиёжга айланган.
Абдулраҳмон Намус: Мен Дайр ал-Балаҳдан Хон Юнисга озиқ-овқат олиш, одамларни кўриш ёки шифохонага бориш учун келаман. Вазият жуда оғир. Қулай транспорт йўқ, йўллар эса бузилиб кетган. Катталар ҳам, болалар ҳам, аёллар ҳам хавфсиз эмас. Биз катталар учун ҳам Хон Юнисга келиб, зарур ишларимизни битириш жуда қийин бўлиб қолган.








